Иттифоқчилик муносабатларидан кемасозликкача: Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари 10 дан ортиқ битим имзолади
Боку шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши қарорини қабул қилди.
Меҳмон давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, етакчилар ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилган. Шу жумладан:
- Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани 2025−2029 йилларда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»;
- Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим;
- Фан, касб-ҳунар ва олий таълим соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим;
- 2025−2026 йилларга мўлжалланган саноат кооперацияси дастури;
- 2030 йилга қадар товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш дастури;
- 2025−2027 йилларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси;
- 2025−2027 йилларда ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси;
- Кемачилик ва кемасозлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;
- Тошкент вилояти ва Сумгаит шаҳри, Навоий ва Габала шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги келишувлар.
Аввал
хабар қилганимиздек, Олий давлатлараро кенгаш йиғилишида Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Ўрта йўлак орқали ташилаётган ўзбек юклари ҳажми 25% га ошганини қайд этди. Шунингдек, улар Европага электр энергияси экспорт қилиш лойиҳасини тайёрлашни тезлаштиришга келишиб олди.