Ўзбекистон раҳбари сўзининг аввалида Илҳом Алиев раҳбарлигида Озарбайжонда амалга оширилаётган янгиланишлар ва мамлакат эришаётган натижалардан хурсанд эканини таъкидлади.
«Сиз отангиз ва ҳар бир озарбайжонликнинг азалий орзусини рўёбга чиқардингиз — мамлакат ҳудудий яхлитлигини тикладингиз [гап Тоғли Қорабоғ қайтариб олингани ҳақида бормоқда — таҳр.]. Қайтариб олинган ҳудудларнинг иқтисодиёти ва инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича фаол иш олиб боряпсиз», — деди Ўзбекистон етакчиси.
Меҳмон давлат раҳбари Олий давлатлараро кенгаш иккинчи йиғилишининг самарали натижаларини, унинг якунида муҳим қарор ва келишувлар қабул қилинганини юқори баҳолади.
Бу галги саммитга жиддий тайёргарлик кўрилгани таъкидланди, деди президент. Хусусан, биринчи Парламентлараро форум, Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, ҳудудлар ва ректорлар форумлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, қатор маданий тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.
«Халқаро майдонда яқин алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга қатъий интилиш тасдиқланди. Кўплаб долзарб глобал ва минтақавий муаммолар бўйича позициялар мос келиши қайд этилди», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Шу маънода давлат раҳбари Ўзбекистон барча ўткир муаммо ва зиддиятларни фақат тинч йўл билан, дипломатик саъй-ҳаракатлар орқали ҳал этиш тарафдори эканини таъкидлади.
Музокаралар чоғида икки томонлама савдо ва инвестициялар ҳажмини яқин йилларда 1 миллиард долларга етказиш бўйича қўшма амалий чоралар кўришга келишиб олинди. Савдо ва кооперацияни рағбатлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинди.
Президентнинг таъкидлашича, амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида ҳамкорликнинг амалдаги форматлари кенгайтирилади ва янги форматлари йўлга қўйилади. Гап Тадбиркорлар кенгашини тузиш ҳамда Саноат ва иқтисодий зоналар форумини ўтказиш ҳақида бормоқда.
Европага «яшил» энергия экспорти бўйича қўшма лойиҳани илгари суришда эришилган ютуқлар қайд этилди. Бундан ташқари, шу куни Боку шаҳрида «Ўзбекистон» боғи қурилишига старт берилади ва мамлакатнинг Озарбайжондаги элчихонасининг янги биноси очилади.
Шулар билан бир вақтда Ўзбекистонда бўлажак «Озарбайжон» боғи ва ноёб Sea Breeze сайёҳлик мажмуаси лойиҳалари фаол тайёрланаётгани таъкидланди.
Сўзининг якунида Шавкат Мирзиёев ҳамкорликка оид қўшма лойиҳа ва дастурларни қўллаб-қувватлаётгани учун озарбайжонлик ҳамкасбига миннатдорлик билдирди. Озарбайжонга бу галги давлат ташрифи натижалари иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга, қардош мамлакатлар ва халқларнинг барқарор тараққиёти ва фаровонлигига хизмат қилишига ишонч билдирди.
Аввал хабар қилганимиздек, Олий давлатлараро кенгаш йиғилишида Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Ўрта йўлак орқали ташилаётган ўзбек юклари ҳажми 25% га ошганини қайд этди. Шунингдек, улар Европага электр энергияси экспорт қилиш лойиҳасини тайёрлашни тезлаштиришга келишиб олди.
Шундан сўнг етакчиларнинг Боку шаҳридаги музокаралари якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатлар алмашинуви бўлиб ўтди. 2030 йилгача товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказиш дастури — шулар жумласидан.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.