Ўзбекистондаги фаластинликларга ёрдам фонди тузилади ва индивидуал ёрдам режалари ишлаб чиқилади

Ўзбекистондаги фаластинликларга ёрдам фонди тузилади ва индивидуал ёрдам режалари ишлаб чиқилади

Президент Шавкат Мирзиёев 14 август куни Ўзбекистонга келган Фаластин фуқароларига доимий ғамхўрлик кўрсатиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар беради ЎзА.

Ҳозиргача қатор чоралар кўрилган, хусусан, меҳмонлар вақтинчалик яшаш объектларига жойлаштирилиб, тиббий ёрдам ва дори-дармонлар билан таъминланган, маданий-маърифий учрашувлар ва дўстлик кечалари каби тадбирларни (шу жумладан, болалар учун) ўз ичига олувчи махсус дастурлар ташкил этилган.

Ёрдамни мувофиқлаштириш мақсадида президентнинг стратегик ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов бошчилигида фаластинлик беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчиларни Ўзбекистонга яшашга мослаштириш жараёнига кўмаклашиш бўйича Республика комиссияси тузилди.

Унинг вазифаларига меҳмонларни жамиятга интеграция қилиш, уларни ҳудудларга жойлаштириш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш, юзага келаётган муаммоларни мунтазам муҳокама қилиш, қисқа ва узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш киради.

Комиссиянинг ишчи органи этиб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги белгиланди. Жойларда меҳмонлар билан бевосита ишлаш «маҳалла еттилик» ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан амалга оширилади.

Ҳар бир оила учун бир ой муддатда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, уларнинг бўлинмалари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатишнинг индивидуал режаси ишлаб чиқилади.

Президент, бундан ташқари, мамлакатда Фаластин фуқароларининг яшаш шароити ва ижтимоий қўллаб-қувватланишини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни молиялаштириш учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида махсус жамғарма ташкил этилишини маъқуллади.

Юридик шахс мақомига эга бўлмаган жамғарма ҳомийлик хайриялари, халқаро ташкилотларнинг грантлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар, шунингдек, вақтинча бўш пул маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган фоизлар ҳисобидан шакллантирилади.

Жамғарма маблағлари меҳмонларга шароит яратиш ва зарур хизматлар кўрсатиш, уларнинг харажатларини қоплаш, моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқа қўллаб-қувватлаш тадбирларига йўналтирилади.

Маблағларни бошқариш ва уларни сарфлаш йўналишларига ўзгартиришлар Республика комиссиясининг қарори билан киритилади. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан меҳмонларга бепул берилган турар жой ва транспорт воситалари маҳаллий ҳокимликлар балансига ўтказилади ва комиссия қарори билан тақсимланади.

Шу фармон билан Ўзбекистондаги фаластинлик меҳмонларнинг фарзандлари яшаш жойи бўйича давлат боғча ва мактабларига навбатсиз жойлаштирилиб, уларнинг мослашуви юзасидан доимий мониторинг ўрнатилади. Қўшимча таълим харажатлари 100% давлат ҳисобидан қопланади. Улардан 2028 йил 1 январигача боғча пули олинмайди.

Меҳмонларга қатор ижтимоий ёрдамлар ҳам жорий этилмоқда. Кекса ва меҳнат ёшидаги меҳмонлар учун нафақалар, уй-жой ижараси харажатларини қоплаш, фарзанд туғилганда ва дафн этишда ўзбекистонликларга белгиланган миқдорда тўлов шулар жумласидан.

Бундан ташқари, Ўзбекистонга олиб келинган фаластинликлар оилавий поликлиникаларда ҳисобга қўйилиб, тиббий ёрдам олишида йўлланма ажратилади. Уларнинг бандлигини таъминлаш, замонавий касбларни эгаллашига кўмаклашилади. Шунингдек, хоҳишига кўра, банклар иштирокида уларни тадбиркорликка жалб қилиш чоралари кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 26 декабрь куни 100 нафар фаластинлик Тошкентга эвакуация қилинганди. Бемор фаластинликлар реабилитация марказлари ва шифохоналарга жойлаштирилган.

Таъкидланишича, ушбу амалиёт, президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан, Миср ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида амалга оширилган. Gazeta Чирчиқдаги «Бўстон» дам олиш масканига жойлаштирилган бир гуруҳ фаластинликлар билан суҳбатлашганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.