Президент дастлаб ушбу учрашув учун Низомий Ганжавий номидаги халқаро марказга миннатдорлик билдирди.
«Ушбу марказ, улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий „шоирларнинг султони“, деб таърифлаган буюк озарбайжон мутафаккири Низомий Ганжавийнинг бетакрор ижодий меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишда муҳим ўрин тутиб келаётганини алоҳида қайд этмоқчиман», — деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Низомий Ганжавий номидаги марказнинг шафелигида ҳар йили ўтказиб келинаётган Глобал Боку форуми халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш учун янги ғоялар илгари суриладиган, дунё миқёсида тан олинган нуфузли мулоқот майдонларидан бирига айланганини қайд этди.
Давлат раҳбари Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги ўзаро боғлиқлик масалалари, ушбу икки йирик минтақанинг Европа билан ҳамкорлик истиқболлари бугунги анжуманнинг бош мавзуси этиб белгилангани ғоят муҳим, деб ҳисоблашини таъкидлади.
«Биз буни ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик жараёнлари жадаллашиб бораётган Марказий Осиёни жаҳонга янада кенгроқ таништириш, минтақалараро ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг салоҳият ҳамда имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш юзасидан фикр алмашиш учун ноёб имконият сифатида қабул қиламиз», — деди Мирзиёев.
Президент Озарбайжон Марказий Осиё ва Европани боғлашда стратегик кўприк вазифасини бажариб келаётганини алоҳида қайд этди.
«Яқинда биз юртимизда илк бор „Марказий Осиё — Европа Иттифоқи“ саммитини ўтказдик. Унда минтақамиз ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилинди. Яқин ойларда Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаймиз», — деди давлат раҳбари.
«Биз Европа Иттифоқи ва бошқа шерикларимиз билан биргаликда самарали транспорт-логистика ва энергетика йўлакларини ривожлантириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни давом эттирамиз. Ишонамизки, ушбу чора-тадбирлар минтақамизнинг Ғарб ва Шарқ ўртасидаги хаб сифатидаги ролини қайта тиклаш имконини беради», — деди празидент ўз мурожаатида.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг «янги умумминтақавий жараёнларни ривожлантиришда иштирок этишга тайёр эканини» юқори баҳошини ҳамда унинг Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак қадрлашини таъкидлади.
«Фурсатдан фойдаланиб, дўст Озарбайжон халқини улкан тарихий ютуқ — яқинда Вашингтонда АҚШ воситачилигида Арманистон билан уч томонлама Қўшма декларация имзолангани билан яна бир бор чин дилдан қутлаймиз», — деди президент.
Давлат раҳбари Ўзбекистон хорижий ҳамкорлар ва халқаро ташкилотлар билан узоқ муддатли алоқаларни изчил мустаҳкамлаётгани, ҳамкорлик уфқларини кенгайтираётгани, янги илғор ғоялар учун ҳар доим очиқ эканини маълум қилди.
«Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси ҳозирги мураккаб даврда халқаро ҳамжамиятга бебаҳо бойлик — барқарорлик, ишонч ва тараққиётни таклиф этмоқда. Бугунги янги шароитда олдимизда ҳамкорлик бўйича кенг уфқлар очилмоқда, ўзаро манфаатли ва икки томонга ҳам фойда келтирадиган масалалар юзасидан биргаликда ишлаш учун янги имкониятлар пайдо бўлмоқда, деб ҳисоблайман. Бу борада сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз ва келгусидаги ҳамкорлигингизга умид қиламиз», — деди Шавкат Миирзиёев мурожаати якунида.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.