Душанба куни экология вазири маслаҳатчиси, Қонунчилик палатаси собиқ депутати Расул Кушербаев ўзбекистонликлар — Бухоро вилояти фуқароларига ҳужум қилингани акс этган учта видеони эълон қилди.
Видеолардан бирида ёшлар юзларини беркитиб, такси ҳайдовчисига ҳужум қилган, бошқасида эса бир одамни калтаклашга, миллатига қараб ҳақорат қилишга, қувишга уринилган. Учинчи видеода кадрда қурол пайдо бўлган, ҳужум қилганларнинг юзлари кўринган ва улардан бирининг исми тилга олинган.
Расул Кушербаев фуқаролар Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонасига мурожаат қилгани, бироқ уларга фақат Россия ички ишлар идораларига мурожаат қилиш тавсия этилганини ёзган.
Юсуп Кабулжанов хабарида қайд этилишича, вазиятдан хабар топган Бош консулхона ходимлари зудлик билан жабрланганлар билан алоқа ўрнатган ва уларга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган.
«Фуқароларимиз томонидан Владивосток шаҳар Ички ишлар бошқармасига расмий ариза топширилди ҳамда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Владивостокдаги ваколатхонасига ва Приморск ўлкаси прокуратурасига мазкур масала юзасидан барча тегишли чораларни кўриш зарурлиги ҳақида ноталар юборилди», — деди у.
Сентябрь ойи бошида Ўзбекистон ТИВ Москва вилоятининг Химки шаҳрида ўзбекистонлик такси ҳайдовчиси ҳақорат қилингани юзасидан ҳам Россия ТИВга нота юборганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.