Индира Холдарова Республика «Келажак» маркази директори этиб тайинланди

Индира Холдарова Республика «Келажак» маркази директори этиб тайинланди

Индира Абдукаримовна Холдарова Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика «Келажак» маркази директори лавозимига тайинланди, дея хабар бермоқда вазирлик.

Индира Холдарова бунга қадар ММТВ Мактабдан ташқари таълимни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётганди.

У турли йилларда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти ўқитувчиси, ташкилотнинг Тошкент шаҳри кенгаши аппарати ва Ёшлар иттифоқида турли лавозимларда ишлаган.

Холдарова 2020−2022 йилларда Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаш раиси ўринбосари — «Камалак» болалар ташкилоти раиси, 2022−2023 йилларда Ёшлар ишлари агентлиги бошқарма бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.

«Келажак» маркази президентнинг 8 сентябрдаги қарори билан Республика ўқувчи-ёшлар маркази негизида ташкил этилди.

Шавкат Мирзиеёв 8 сентябрь куни ўтказган мактабгача ва мактаб таълими соҳаси бўйича йиғилишида бундай марказлар мактаблар билан узвий ва мақсадли тадбирларни жонлантириб, муҳандислик, илм-фан, маданият, санъат, китобхонлик, спорт ва экология йўналишлари бўйича ўқувчиларни тўгаракларга жалб қилиши кераклигини айтганди.

Қарор билан «Келажак» марказининг умумий ўрта таълим ташкилотларида вертикал тизимини жорий этиш мақсадида ўқувчилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилади. Марказ шартнома асосида малакали мутахассислар ҳамда нодавлат ўқув марказларини жалб этган ҳолда тўгараклар ташкил этади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.