Ўзбекистон ва БМТ ахборот соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ниятида

Ўзбекистон ва БМТ ахборот соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ниятида

Ўзбекистон ва БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суриш, ёлғон ахборот тарқалишига қарши курашиш ва ёшларни глобал ташаббусларга жалб этишга қаратилган муҳим лойиҳалар ва кампанияларни амалга оширишда ҳамкорликни кенгайтириш ниятида.

Жума куни Нью Йоркда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов ва БМТ Бош котибининг глобал коммуникациялар бўйича ўринбосари Мелисса Флеминг ўртасидаги учрашувда шулар ҳақида сўз юритилди.

стратегик коммуникациялар, медиа билан ҳамкорлик ва журналистлар учун таълим дастурларини янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, дея хабар берди Шерзод Асадов Telegram каналида.

Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини UN Academic Impact дастурига киритиш масаласи кўриб чиқилди, бу талабалар ва тадқиқотчиларга таълим ва илмий изланишлар бўйича глобал ташаббусларда иштирок этиш учун қўшимча имкониятлар яратиши таъкидланди.

Шерзод Асадов ва Мелисса Флеминг ёлғон ахборотга қарши курашиш, ёш журналистларни тайёрлаш ва БМТнинг халқаро стажировкаларида иштирокини таъминлаш борасида ҳамкорлик истиқболларини ҳам муҳокама қилди.

Бундан ташқари, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва БМТ Глобал коммуникациялар департаменти вакилларининг Ўзбекистонда ўтказиладиган тадбирларда, хусусан, Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида фаол иштирокини таъминлаш юзасидан келишувга эришилди.

Ўзбекистонда БМТнинг 20 га яқин агентлиги фаолият юритади ва бу келишувларни амалга ошириш мамлакатдаги дастур ва лойиҳалар ҳақида халқаро хабардорликни ошириш имконини беради, деди Шерзод Асадов Gazeta`га берган изоҳида.

Ўзбекистон ва БМТ ахборот соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ниятида
Президент матбуот котиби, шунингдек, БМТ бош котибининг ёрдамчиси — БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик билан ҳам учрашди.

Журналистлар ўртасида тажриба алмашиш ва уларнинг салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма лойиҳалар, жумладан, БМТнинг турли тузилма ва институтлари имкониятларидан фойдаланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

«Ўзбекистон ва БМТнинг қўшма ташаббусларини кенг ёритишда юртимиз оммавий ахборот воситалари вакилларининг фаол иштирокини қўллаб-қувватлашга тайёрлигимизни билдирдик», — деди Шерзод Асадов.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 20−24 сентябрь кунлари амалий ташриф билан АҚШда бўлади. У БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси тадбирларида иштирок этади ва сессиянинг умумий муҳокамаларида маъруза қилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.