«Мана сизга кўп векторли сиёсатининг натижаси». Абдулазиз Камилов — Европа Иттифоқи билан имзоланган битим ҳақида

«Мана сизга кўп векторли сиёсатининг натижаси». Абдулазиз Камилов — Европа Иттифоқи билан имзоланган битим ҳақида

24 октябрь куни Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим мамлакатнинг кўп векторли сиёсатининг натижаси, деди Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Абдулазиз Камилов «Ўзбекистон 24»га берган интервюсида.

«Бугунги воқеани баҳоламоқчи бўлсак, авваламбор, биз мана шу геосиёсат нуқтаи назардан қарашимиз керак. Бу битта-иккита давлат эмас, бу Европа Иттифоқи, бутун Европа. Жуда катта салоҳиятга эга, жуда катта имкониятга эга. Ички ялпи маҳсулотининг ҳажми 20 триллион долларга етади. Яъни, яъни, бу ерда жуда катта имкониятлар бор биз учун», — деди Камилов.

Ўзбекистон халқига нима фойда?


Камилов ушбу битим, аввало, ўзбекистонликларга қандай фойда бўлиши ҳақидаги саволга жавоб берди. Унинг фикрича, битим иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиради.

«Шунақа муҳим шартномалар имзоланганда, авваламбор, ўзимизга савол беришимиз керак: „Бу бизнинг халқимизга қандай фойда келтиради?“ Шунинг учун бу саволга жавоб берсак, авваламбор иқтисодий нуқтаи назардан. Янги замонавий технологиялар нуқтаи назардан. Ундан кейин биз мана бир неча йилдан бери хавфсизлик масаласи бўйича жуда яқин бир-биримизга ҳамкорлик олиб боряпмиз ва жуда мана шу ҳамкорлик самарали бўляпти», — деди президент маслаҳатчиси.

«Ва биз учун жуда муҳим йўналиш бу гуманитар йўналиш. Ҳозир минг-минг бизнинг ўзбек студентларимиз Европада энг нуфузли университетларда ўқишаяпти. Бу жуда яхши деганида, шундай таълим олгандан кейин ватанга қайтиб, хизмат қилишади, кўп нарсани ўрганишади. Айниқса мана шу замонавий касбларни ўрганишади», — деди Камилов.

«Олдин сиз бизни жалб қилишга ҳаракат қилардингиз, энди ким олдинроқ Тошкентга бориши бўйича мусобақа бошланяпти»


Абдулазиз Камилов Европа ишбилармонларининг Ўзбекистонга қизиқиши, сармоя киритиш нияти ортганини қайд этди.

«Бу ҳаммаси натижаси нимадан иборат? Мана шу кўп йиллар мобайнида биз шу шартномани устидан ишлаб келдик, лекин гап фақат мана шу шартномани ўзида эмас. Авваламбор, икки томонлама алоқаларни янгидан тиклаш», — деди Камилов

«Бугунги бўлган учрашувларда президентимиз билан учрашувда кўп ваъда беришди ва ҳаттоки бугун тадбиркорлар билан учрашганимизда президентимизга очиқдан-очиқ айтишди: «Олдин сиз бизни жалб қилишга ҳаракат қилардингиз, энди ким олдинроқ Тошкентга боради, ким олдинроқ мана шу сармояни киритишга ҳаракат қилади, дея ўзаро мусобақа бошланяпти», — дея айтиб берди президент маслаҳатчиси.

«Мана сизга кўп векторли сиёсатининг натижаси»


Камиловнинг айтишича, ташқи сиёсатни диверсификация бўлаётгани, янги йўналишлар фойда бўлаётгани, Ўзбекистон учун жуда мустаҳкам хавфсизликнинг пойдеворини яратиб беради.

«Мана бир неча йил олдин бизнинг бир неча давлатлар, айниқса блогерлар танқид қилардилар, мана сизлар кўп векторлик сиёсатини олиб боряпсизлар, деб. Мана сизга кўп векторли сиёсатининг натижаси, тўғрими? Албатта, мана шунақа ҳамкорликда икки томонлама манфаат бўлиши керак. Ҳозир ҳеч ким ўзидан-ўзи сизларга сармоя олиб келиб берай деб илтимос қилиб ўтирмайди», — деди Камилов.

Президент маслаҳатчиси Европанинг минтақадаги, хусусан, Ўзбекистондаги манфаатлари ҳақида ҳам гапириб ўтди.

«Бу минтақага геосиёсий нуқтаи назардан [қизиқиш бор]. Марказий Осиёда, масалан, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Покистон бир томонда, бошқа томонда Афғонистон ҳамда бошқа давлатлар… ва бу ерда ҳақиқатан ҳам қандайдир рақобат бор. Америка ва Хитой орасида, Хитой ва Ҳиндистон орасида, Ҳиндистон ва Покистон, Россия ва Европа Иттифоқи орасида рақобат бор», — деди Камилов.

«Шу нуқтаи назардан Европа Иттифоқининг ҳам ўзига яраша манфаатлари бор. Лекин мана шу минтақада булар Ўзбекистонга айниқса қандайдир бир бошқача сиёсатини ўзини яқин тутиб ва, авваламбор, бизнинг президентимизга катта чуқур ишонч билдириб, ислоҳотларни кўриб, ҳавас қилиб ва ислоҳотларни амалга оширилаётганини инобатга олиб, ўзларининг сармояларини олиб келиб, икки томонлама фойда кўришмоқчи», — деди Абдулазиз Камилов.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.