Давлат раҳбари мамлакатда ички ишлар органларини чинакам халқ тузилмасига айлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этаётганини эслатди.
1. Ички ишлар органлари билан биргаликда барча масъул ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот тизимидаги олийгоҳлар жиноятчилик кўп бўлган маҳаллаларга бириктирилди. Уларнинг жойлардаги кундалик манзилли фаолияти ва хавфсиз муҳит яратишга қаратилган «ягона фаолият занжири» яратилди.
2. Ушбу тоифадаги маҳаллалар кичик ҳудудларга бирлаштирилиб, уларда «тезкор ёрдам» функциясини бажарадиган ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилди, мигрантлар ва ёшлар билан ишлаш бўйича алоҳида ташкилий-профилактик механизмлар шакллантирилди. Профилактика, тезкор-қидирув, патруль-пост, йўл-патруль ва қўриқлаш хизмати инспекторларининг биргаликдаги фаолияти йўлга қўйилиб, улар «маҳалла еттилиги» ва аҳоли билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
3. Иқтисодий ислоҳотлар ва ижтимоий дастур ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар ёшлар, хотин-қизлар ва ишсизлар ўртасида жиноятчиликни камайтиришга қаратилган.
4. Самарадорликка йўналтирилган янги иш усуллари қабул қилинмоқда. Ички ишлар органларининг рақамли инфратузилмасида трансформация жараёнлари бошланди, сунъий интеллект соҳасидаги ютуқлар жамоат хавфсизлиги амалиётига татбиқ этилмоқда.
5. Вазирлик ва идораларнинг қирққа яқин маълумотлар базаси билан интеграциялашган «Хавфсиз шаҳар» ягона платформаси яратилди, 20 дан ортиқ янги ахборот тизимлари ишга туширилди, «Ягона мигрант» ахборот базаси ёрдамида узоқ вақт хорижда юрган шахслар билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилди.
6. Мамлакатни глобал миқёсда кучайиб бораётган кибержиноятчиликнинг таҳдид ва салбий таъсиридан ишончли ҳимоя қилиш ва аҳолининг улардан жабрланишига йўл қўймаслик бўйича комплекс механизмлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишда кадрлар тайёрлаш мақсадида 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги академиясида дуал таълим тамойили асосида «Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш» йўналиши бўйича янги ўқув тизими жорий этилди.
«Бунда „маҳалла еттилиги“ имкониятларидан самарали фойдаланиш, оила, таълим муассасаси, маҳалла фаоллари ва давлат идоралари ўртасида узвий ҳамкорликни таъминлашга алоҳида эътибор бериш лозим», — деди президент.
«Биз замон талабларини ҳисобга олиб, ички ишлар органларида жиноятчиликка қарши курашиш жараёнини рақамли технологиялар имкониятларини кенг жорий этган ҳолда ташкил этиш, киберфирибгарлик ва киберўғирликларга чек қўйиш бўйича ишларни янгича ёндашувлар асосида янада фаоллаштирамиз», — дея давом этди у.
Мамлакат генофонди — болалар ва ёшларни гиёҳвандликдан асраш мақсадида «уюшган наркожиноятчиликка бутунлай чек қўйиш борасидаги ҳаракатларимизни янги босқичга олиб чиқишимиз, тезкор-профилактик ва тергов фаолиятини манзилли ташкил этишимиз керак», дея қўшимча қилди давлат раҳбари.
«Ишончим комил, ана шу устувор йўналишларда сафарбарликни кучайтириб, биргаликда ҳаракат қилиб, ишимиз самарасини кескин оширсак, халқимизнинг чинакам розилигига эришамиз», — деди у.
Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев жамоат хавфсизлиги ва халқ осойишталигини таъминлашга қўшган ҳиссаси учун қатор соҳа вакилларини орден ва медаллар билан тақдирлаганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.