Депутатлар ўзбек, қирғиз ва тожик чегаралари туташ нуқталарига оид шартномани ратификацияловчи қонунни қабул қилди

Депутатлар ўзбек, қирғиз ва тожик чегаралари туташ нуқталарига оид шартномани ратификацияловчи қонунни қабул қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 28 октфбрь кунги мажлисида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида уч давлатнинг давлат чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилди.

Ҳужжат 31 март куни Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентлари Шавкат Мирзиёев, Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров ўратсидаги учрашувда имзоланган эди. Музокаралардан сўнг президентлар масофадан туриб, уч мамлакат чегаралари туташган ҳудудда Дўстлик стеласини тантанали равишда очиб берди.

Мажлисда таъкидланишича, сўнгги йилларда Марказий Осиё конструктив мулоқот, ишонч ва ҳар томонлама ҳамкорлик майдонига айланди, ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди.

«Уч мамлакат ўртасида чегара масалаларининг ҳал этилиши — ўзаро ҳурмат, суверенитет, тенглик тамойилларига асосланган айнан ушбу кўп йиллик машаққатли меҳнат, самимий мулоқот ва ҳамкорлик самарасидир», — дейилади парламент қуйи палатаси хабарида.

Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Умид Якубходжаев маълум қилишича, ратификация қилинаётган ҳужжат уч давлатнинг чегаралари туташган нуқтанинг жойлашуви ҳамда туташган нуқта ҳудудида давлат чегаралари чизиқларининг ўтишини аниқлайди.

Мазкур шартнома уч қардош мамлакатлар ўртасида яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатларининг янада мустаҳкамланишига, бутун Марказий Осиё минтақаси халқаро нуфузининг янада ошишига хизмат қилади, деди у.

Шартнома шунингдек, уч давлат фуқаролари ўртасидаги алоқаларнинг жадаллашувига, чегарадош ҳудудлар иқтисодий ҳамкорлигининг кучайишига, чегараолди савдонинг ортишига, чегара ҳудудларда турли инфратузилмавий лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишга, янги иш ўринларини яратишга мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди ва истисно тариқасида қонун дарҳол уч ўқишда қабул қилиниб, тасдиқлаш учун Сенатга юборилди. Қонун президент томонидан имзолангандан сўнг кучга киради.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.