Ўзбекистон билан БМТнинг ушбу нуфузли институти ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида Одри Азуле давлат раҳбарини тарихий воқеа — ташкилот Бош конференциясининг 43-сессияси сўнгги 40 йилда илк бор ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳи ташқарисида ўтказилаётгани билан самимий табриклади.
Ўзбекистоннинг конференцияни юксак савияда ташкил этиш, шунингдек, уни амалий аҳамиятга эга тадбирлар билан бойитиш борасидаги кенг кўламли ишларига ижобий баҳо берилди.
Хусусан, ЮНЕСКОнинг Мактабгача таълим бўйича минтақавий маркази ишга туширилади, Беруний мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими, Самарқанд шаҳрининг 3000 йиллиги муносабати билан махсус тадбир, шунингдек, музейлар, сунъий интеллект, гендер мавзулари бўйича форумлар ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилади.

Ўзбекистоннинг ташаббуси билан ЮНЕСКОнинг учта муҳим резолюцияси қабул қилинди. Ташкилотнинг махсус рўйхатларига Ўзбекистоннинг бир қатор янги объектлари ва маданий қадриятлари киритилди.
ЮНЕСКО билан шерикликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш, устувор йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон президенти фан, таълим ва маданият соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришдаги катта хизматлари ҳамда Ўзбекиистон халқининг бой маданий меросини кенг оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун Одри Азуле хонимга «Дўстлик» орденини топширди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.