У нутқининг аввалида сўнгги 40 йил ичида биринчи марта конференция ЮНЕСКО қароргоҳидан ташқарида ўтказилаётганини эслатиб ўтди.
«Бундай нуфузли анжуманнинг юртимизда ўтказилишини биз ташкилотга аъзо давлатларнинг юксак ишончи ифодаси сифатида қабул қиламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари геосиёсий танглик ва сайёрада юз бераётган ҳарбий можаролар оқибатида ноёб ёдгорликларга, муқаддас зиёратгоҳларга ва бебаҳо маданий меросга катта зарар етказилаётганини таъкидлади.
«Давлатлар ўртасида билим ва технологиялар, рақамли ресурслардан фойдаланиш бўйича тафовут ортиб бормоқда. Бунинг натижасида имкониятлар тенгсизлиги ва қашшоқлик кучаймоқда. Бундай мураккаб вазият ЮНЕСКОнинг асосий вазифаларини тўлиқ амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларимизни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бирлаштиришни тақозо этмоқда», — дея таъкидлади у.
Президент Ўзбекистон ЮНЕСКО мақсадларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. «Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида уйғунлик кўприги, барча учун очиқ ва конструктив ҳамкорлик майдони бўлишга ҳамиша тайёр», — деди у.
Шавкат Мирзиёев кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан қатор таклифларни илгари сурди.
«Жисмоний ва ижтимоий хусусиятларидан қатъи назар, ҳар бир болага таълим олиши учун тенг имкониятларни яратиб бериш жуда муҳимдир. Бу борада ЮНЕСКОнинг алоҳида эҳтиёжли болалар учун Инклюзив таълимни ривожлантириш платформасини жорий этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз», — деди президент.
У таълим соҳасида ўзаро билим ва тажриба алмашиш учун халқаро мулоқот форматини яратиш мақсадида Жаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш бўйича режамиз қўллаб-қувватланишига ишонч билдирди.
«Ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган ва креатив фикрлайдиган янги авлодни тарбиялаш устувор вазифамиздир. Сунъий интеллектни таълим тизимига кенг жорий этиш мақсадида юртимизда ЮНЕСКО иштирокида „Сунъий интеллект — мактаб“ намунавий лойиҳасини амалга оширишга тайёрмиз. Шунингдек, ЮНЕСКО шафелигида барча қитъаларнинг етакчи олийгоҳлари, педагогика ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари иштирокида Сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро экспертлар анжуманини ўтказишни таклиф этамиз», — дея таклиф киритди Шавкат Мирзиёев.
«Бундай ноёб мерос объектлари бўлган халқ оғзаки ижодиёти, қўлёзмалар, архивлар ва қимматли тарихий ҳужжатлар, маданий маълумотларни сақлаш, уларнинг барча учун очиқлигини таъминлаш мақсадида яратилган ЮНЕСКОнинг „Жаҳон хотираси“ дастурини ривожлантиришдан манфаатдормиз», — деди у.
Давлат раҳбари дунё маънавий хазинасини жамлаган ушбу дастур яратилган санани ҳар йили нишонлаш мақсадида 19 ноябрни «Ҳужжатли мерос халқаро куни», деб эълон қилишни, шунингдек, ЮНЕСКО тузилмасига кирадиган Рақамли мерос бўйича халқаро институтни ташкил этишни таклиф қилди.
«Маълумки, қадимий Бухоро ҳунармандчилик бўйича ЮНЕСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғининг аъзоси ҳисобланади. Биз ушбу шаҳарда 2027 йили мазкур йўналишда халқаро конгрессни қабул қилишга тайёрмиз», — деди у.
ЮНЕСКО статистика институти маълумотларига кўра, жаҳонда илмий ва маданий муассасалар раҳбарларининг 25 фоизи, таълим соҳаси бошқарувчиларининг 30 фоизи, тадқиқотчиларнинг 33 фоизи хотин-қизлардир. Бу эса аёллар ҳуқуқларини таъминлашда, афсуски, тенгсизлик ҳамон сақланиб қолаётганини тасдиқлайди.
«Ваҳоланки, гендер тенглиги ЮНЕСКОнинг фундаментал, устувор вазифаларидан бири бўлиб, Ташкилотнинг барча ташаббуслари унга интеграция қилиниши зарурлиги белгилаб қўйилган. Бу борада аъзо давлатларнинг энг илғор тажриба ва амалиётини ўрганиш, билимлар алмашиш мақсадида Хотин-қизлар етакчилиги бўйича ЮНЕСКО академиясини ташкил этиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, Самарқандда барча қитъаларнинг машҳур тадқиқотчилари, санъат намояндалари, педагог ва ихтирочи хотин-қизларнинг Таълим, маданият ва фан соҳасидаги глобал форумини ўтказишни таклиф этамиз», — деди президент.
«Атроф-муҳитга масъулият билан ёндашаётган, «яшил» дастурларни муваффақиятли татбиқ этаётган шаҳарларни алоҳида эътироф этиш ва рағбатлантириш бўйича «ЮНЕСКОнинг Экологик пойтахти» глобал ташаббусини илгари сурамиз. Бундан ташқари, ЮНЕСКО Ижроия Кенгашининг «Глобаллашув ва иқлим ўзгаришлари шароитида маданий меросни асраб-авайлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида»ги резолюциясини ишлаб чиқиш тарафдоримиз. Мазкур масала бўйича Хива шаҳрида халқаро симпозиум ўтказишга тайёрмиз», — деди у.
У рақамли трансформация муҳитида дунёқараши шаклланаётган ёш авлоднинг энг яхши ижодий ишлари, мультимедиа ғояларини ўзаро алмашиш учун Болалар маданий контенти халқаро фестивалини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
«Маълумотларни таҳлилий идрок этиш, ёшларни манипуляциядан ҳимоя қилиш, ахборот шаффофлигини таъминлаш мақсадида ЮНЕСКОнинг Медиа саводхонликни ривожлантириш бўйича кенг қамровли стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф этамиз», — деди президент.
«Ислом маданияти ва маърифатини дунёга тараннум этиш орқали радикализм ва исломофобияга қарши самарали курашиш мумкин. Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилган ноёб лойиҳалар — Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд тадқиқот марказлари салоҳиятидан биргаликда фойдаланишга чақирамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси Самарқандда 30 октябрдан 13 ноябргача ўтказилади. Сессияси 1985 йилдан бери биринчи марта ташкилот бош қароргоҳи жойлашган Париждан ташқарида ўтказилади. Тадбир Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуасида ўтказилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.