Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Қатарга боради

Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Қатарга боради

Шавкат Мирзиёев Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг таклифига биноан 3−4 ноябрь кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Давлат раҳбари у ерда Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммитида иштирок этади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Тадбир давомида ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги мавжуд тафовутларни бартараф этиш, Ижтимоий ривожланиш тўғрисидаги Копенгаген декларациясининг мақсад ва тамойилларига содиқлик, шунингдек, 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилади, дейилади хабарда.

Шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, миллий стратегияларни такомиллаштириш ва жамиятларнинг барқарорлиги, ижтимоий адолатлилиги ва инклюзивлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши қайд этилди.

Ижтимоий ривожланиш бўйича Жаҳон саммити давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, БМТ тизимидаги тузилмалар, фуқаролик жамияти институтлари, экспертлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги конструктив мулоқот учун муҳим платформа бўлишга қаратилган.

Форумнинг асосий мақсади қашшоқликка барҳам бериш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, тўлиқ ва самарали бандликка кўмаклашиш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш ҳамда замонавий таҳдидлар ва ўзаро боғлиқлик шароитида ижтимоий интеграцияни кенгайтиришдан иборат, дея таъкидлайди матбуот хизмати.

Саммит якунида барқарор ва инклюзив ижтимоий тараққиёт мақсадларини амалга ошириш борасида халқаро шерикликни янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро келишилган ёндашувларни ривожлантиришга қаратилган Доҳа декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.