Стратегик ислоҳотлар агентлиги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги этиб қайта ташкил этилади

Стратегик ислоҳотлар агентлиги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги этиб қайта ташкил этилади

30 октябрь куни «Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини жорий этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони [ПФ — 201-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Фармонга кўра, қуйидагилар қайта ташкил этилади:

  • Таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари фаолиятини ташкил қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик режалаштириш ва ривожланиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш этиб;
  • Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги этиб;
  • Стратегик ислоҳотлар агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси этиб.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мазкур соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган идоралараро коллегиал орган ҳисобланади.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш 1- ва 2-даражали стратегик режалаштириш ҳужжатлари лойиҳаларини уларни қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқади.

Бунда маъқулланган лойиҳалар кўриб чиқиш учун президентга киритилади.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 ноябрдан стратегик аҳамиятга эга ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш, мониторинг қилиш ва баҳолашни ўз ичига олган стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизими жорий этилади.

Стратегик режалаштириш ҳужжатларининг иерархияси қуйидаги тартибда белгиланади:

  • 1-даражали ҳужжатлар концепциялар шаклида;
  • 2-даражали ҳужжатлар стратегиялар шаклида;
  • 3-даражали ҳужжатлар дастурлар («йўл хариталари», чора-тадбирлар режалари) шаклида қабул қилинади.

Бунда:
  • 1-даражали ҳужжатлар 7 йилдан ортиқ муддатга ишлаб чиқилади ва қоида тариқасида қонунлар билан тасдиқланади;
  • 2-даражали ҳужжатлар 4 йилдан 7 йилгача бўлган муддатга ишлаб чиқилади ва президент ҳужжатлари билан тасдиқланади.
  • 3-даражали ҳужжатлари 1 йилдан 3 йилгача бўлган муддатга ишлаб чиқилади ва президент ҳужжатлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида тасдиқланади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.