Ўзбекистонда прокурор назоратини рақамлаштириш ва тергов ишига СИни жорий этиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда прокурор назоратини рақамлаштириш ва тергов ишига СИни жорий этиш режалаштирилмоқда

3 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёевга тақдимотда Бош прокуратура тизимида рақамли прокурор назоратини жорий этиш, текширувлар ва мониторинг жараёнини автоматлаштириш бўйича таклифлар ҳақида ахборот берилди.

Мазкур чора-тадбирлар қонунбузилиш ҳолатларини тезкорлик билан аниқлаш, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларини реал вақт режимида назорат қилиш, назорат фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш имконини бериши кутилмоқда.

Тадбирда терговчиларнинг ишини баҳолаш бўйича ягона тизимнинг йўқлиги, ҳисоботларнинг «қўлда» юритилаётгани, жиноят ишларининг ҳали ҳам қоғоз шаклида сақланаётгани иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Ҳисоботни тайёрлаш бир ҳафтагача вақт олмоқда.

Йил бошидан буён терговчилар томонидан қарорлар қабул қилишда 1300 та ҳолатда процессуал ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилган, 637 та иш терговда йўл қўйилган камчиликлар туфайли судлар томонидан қўшимча терговга қайтарилган.

Шу боис, жиноят ҳақида хабар келиб тушганидан тортиб, суд қарори ижросигача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш, тергов фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш вазифаси белгиланди. Бу тизим тергов жараёнини тезлаштиради, инсон омилини камайтиради ва масъулиятни оширади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг рақамли жиноятларнинг олдини олиш ва тергов қилиш салоҳиятини ошириш учун сунъий интеллект, киберҳуқуқ ва рақамли ҳуқуқ соҳаларида кадрлар тайёрлашни бошлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда саноат ва идораларни рақамлаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Давлат харидларида танлов ва тендерларни рақамлаштириш туфайли жорий йилда 7,5 триллион сўм иқтисод қилинди. Айни пайтда аҳоли ва тадбиркорларга масофадан туриб 1000 га яқин давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

Шу билан бирга, йил бошидан буён давлат органлари томонидан 7 мингдан ортиқ ноқонуний ҳужжатлар қабул қилинган, назорат қилувчи органларнинг фаолияти оқибатида 12,5 минг нафар тадбиркорнинг ҳуқуқлари бузилган.

Шу муносабат билан йиғилишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти устидан масофавий назорат тизимини яратиш ва давлат идораларида қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлигини текшириш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш зарурлиги муҳокама қилинди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.