Шавкат Мирзиёев Глобал ижтимоий адолат фондини таъсис этишни таклиф этди

Шавкат Мирзиёев Глобал ижтимоий адолат фондини таъсис этишни таклиф этди

Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни Доҳа шаҳрида ўтаётган Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммитида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Анжуман ишида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш, Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, БМТ Бош Ассамблеяси раиси Анналена Бербок, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши раиси Лок Баҳодир Тхапа, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашди.

Ўзбекистон президенти сўзининг аввалида форумга юксак даражада тайёргарлик кўрилгани учун ташкилотчиларга миннатдорлик билдириб, глобал ижтимоий тараққиёт учун муҳим майдон бўлган саммит айнан Доҳа шаҳрида ўтказилаётгани катта рамзий маънога эга эканини таъкидлади.

Давлат раҳбари кейинги йилларда Қатар ижтимоий инклюзивлик ва жадал тараққиёт марказига айланиб бораётганини таъкидлаб, ушбу мамлакат халқини эришилган муваффақиятлар билан самимий табриклади.

Президент бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти ва миллий ҳукуматлар ижтимоий фаровонликни таъминлаш ҳамда аҳоли турмуш даражасини ошириш йўлида биргаликда ҳаракат қилаётганини таъкидлади. Ўзбекистон, ўз навбатида, барқарор тараққиётга эришишга қаратилган халқаро ҳамкорликнинг барча форматлари ва ташаббусларини доим қўллаб-қувватлайди.

Давлат раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистонда «Инсон қадри учун» деган тамойил устувор бўлган, ижтимоий адолат таъминлангани, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари самарали ҳимоя қилинган ижтимоий давлат барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

«Охирги йилларда камбағаллик даражасини 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартиришга эришдик. Биз бу йўлдаги ислоҳотларни бундан кейин ҳам давом эттирамиз», — деди у.

Президент ўз нутқида қуйидаги таклифларни илгари сурди.

Камбағалликка қарши курашишда халқаро ҳамкорлик. Шавкат Мирзиёев бугунги кунда дунёда 1 миллиард 100 миллион аҳоли камбағалликда умр кечираётганини қайд этди.

«Ривожланаётган давлатларнинг ижтимоий дастурларига ресурсларни кенг жалб этиш мақсадида камбағалликка қарши курашишнинг янги молиявий архитектурасини яратиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз», — деди давлат раҳбари.

Президент бу борада ижтимоий тенгсизликни камайтириш, камбағалликни қисқартиришга амалий ёрдам берадиган Глобал ижтимоий адолат фондини таъсис этишни таклиф этди.

Бандлик масаласини самарали ҳал этишда янги, замонавий механизмларни ишга тушириш.

Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоботига кўра, 2024 йилда глобал ишсизлик даражаси 5 фоизни ташкил этди. Президент юқори технологиялар, сунъий интеллектнинг жадал кириб келаётгани дунёда миллионлаб иш ўринларининг йўқотилишига олиб келаётганини қайд этди.

«Бундай шароитда ҳукуматлар ва бизнес ижтимоий ҳамкор сифатида ходимларни қўллаб-қувватлашга катта аҳамият бериши зарур. Шу муносабат билан ижтимоий масъулият ва муносиб меҳнат бўйича глобал ташаббусни ишлаб чиқиш ҳақидаги таклифимизни маъқуллайсиз, деб ишонамиз», — деди Ўзбекистон раҳбари.

Барча учун таълим имкониятларини кенгайтириш орқали ижтимоий муаммоларга самарали ечим топиш.

Президентнинг қайд этишича, ҳозирги даврда саводсизликнинг йиллик иқтисодий зарари 1,4 триллион АҚШ долларига тенг, деб баҳоланмоқда. Бу эса ёш авлодни ижтимоий ҳаёт ва меҳнат бозорида ўз ўрнини топишини қийинлаштирмоқда ҳамда тенгсизликнинг кескин ўсишига сабаб бўлмоқда.

«Биз кеча ўтган Очлик ва қашшоқликка қарши кураш бўйича Глобал альянснинг илк учрашуви қарорларини тўлиқ маъқуллаймиз. Унинг келгуси саммитларидан бирини Ўзбекистонда ўтказишни ва таълим масаласини асосий кун тартиби сифатида белгилашни таклиф қиламиз», — деди президент.

Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини тизимли ҳимоя қилиш зарурати ортиб бормоқда.

Ҳозирги кунда дунёда 300 миллиондан ортиқ мигрантлар ўзга юртларда меҳнат қилаётгани таъкидланди Давлат раҳбари уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар кўплаб учраётганини қайд этди.

«Келгуси йили халқаро меҳнат ва миграция ташкилотлари билан биргаликда Ўзбекистонда Мигрантлар ва уларнинг оилаларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича халқаро форум ўтказиш ва Глобал дастур қабул қилишни таклиф этаман», — деди у.

Иқлим ўзгаришининг ижтимоий ҳаётга таъсири.

Мирзиёев экстремал об-ҳаво, чўлланиш, биохилма-хилликнинг йўқолиши, энг аввало, заиф қатламлар — деҳқонлар, мавсумий ишчилар, мураккаб экологик вазиятдаги минтақалар аҳолиси ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

«Иқлим ўзгаришига қарши курашни бандлик дастурлари билан уйғунлаштириш бўйича комплекс чораларни кўриш — жуда долзарб вазифа. Бу борада Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияси билан экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилинган Оролбўйи минтақасида Ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг янги моделини ишга тушириш ниятидамиз. Ва бу йўналишдаги тажрибамизни жаҳон ҳамжамияти билан ўртоқлашишга тайёрмиз», — деди давлат раҳбари.

Саммитда қабул қилинган қарорлар бутун дунёдаги миллионлаб одамларга умид бағишлаши, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга катта ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.

«Халқаро тараққиёт йўлида ижтимоий келишувни янгилаш, ҳар бир инсон учун муносиб ҳаёт тарзини яратиш бизнинг асосий бурчимиздир», — деди давлат раҳбари.

Якунда Ўзбекистон президенти саммитда қабул қилинган Доҳа сиёсий декларациясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини ва унинг барча тамойилларини ҳаётга татбиқ этишга тайёрлигини тасдиқлади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.