Ўзбекистонда стратегик режалаштириш ва ривожлантириш тизими жорий этилмоқда. Тафсилотлар
Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги этиб қайта
ташкил этилди. Бу президентнинг 30 октябрдаги
фармонида кўзда тутилган.
Агентлик стратегик режалаштириш ва ривожлантириш тизимини ташкил этишни тартибга солиш, уни самарали амалга оширишга қаратилган аниқ механизмларни ишлаб чиқиш, стратегик режалаштириш ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Агентликка қўшимча вазифалар юкланди:
- тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш, шунингдек, халқаро ҳамкорлик самарадорлиги тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва тизимли таҳлил қилишга қаратилган таклиф ва ташаббусларни ишлаб чиқиш;
- вазирлик ва идораларга стратегик ҳужжатлар ва услубий тавсиялар лойиҳаларини тайёрлашда услубий ёрдам бериш;
- халқаро тажриба ва давлат сиёсатининг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда стратегик режалаштириш тизимини такомиллаштириш;
- вазирликлар, ҳокимликлар ва Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг стратегик ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мониторингини олиб бориш бўйича ишларини мувофиқлаштириш;
- стратегик дастурларни амалга ошириш юзасидан тақдим этилган ҳисоботларни текшириш ва таҳлил қилиш;
- стратегик режалаштириш ҳужжатларида назарда тутилган мақсадларга эришиш мониторинги.
2025 йил 1 ноябрдан кучга кирган мазкур ҳужжат стратегик режалаштириш ва ривожлантириш, жумладан, «мақсад — ҳаракат — натижа» занжири асосида стратегик аҳамиятга эга ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш, мониторинг қилиш ва баҳолаш тизимини жорий этади.
Стратегик режалаштириш ҳужжатлари
Стратегик режалаштириш ҳужжатларининг иерархияси ўрнатилди.
Биринчи даражали ҳужжатлар концепция шаклида етти йилдан ортиқ муддатга қабул қилинади. Уларда мамлакат ва унинг ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш билан боғлиқ устувор йўналишлар, бошқарувнинг концептуал ёндашувлари белгилаб берилган. Концепциялар, одат бўйича, қонун билан тасдиқланади ва стратегияни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Иккинчи даража — стратегиялар. Бу ҳужжатлар бутун мамлакат, тармоқлар, ҳудудлар бўйича аниқ мақсад ва кўрсаткичларга эришишга қаратилган. Улар тўрт йилдан етти йилгача муддатга ишлаб чиқилади ва президент қарорлари билан тасдиқланади.
Учинчи даража — дастурлар («йўл хариталари», ҳаракатлар режалари). Булар стратегияларни амалга ошириш бўйича батафсил чора-тадбирларни ўз ичига олади ва президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан бир йилдан уч йилгача муддатга қабул қилинади.
Стратегик режалаштириш ва ривожлантириш тизимининг асосий вазифалари орасида:
- стратегик ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва баҳолашнинг барқарор механизмини яратиш;
- уларнинг иерархияси ва изчиллигини таъминлаш;
- вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларнинг функция ва мажбуриятларини белгилаш;
- аниқ, шаффоф ва ўлчанадиган кўрсаткичлар асосида мониторинг ва баҳолашни амалга ошириш;
- стратегик режалаштириш соҳасида янги авлод мутахассисларини тайёрлаш.
Вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларнинг стратегик режалаштириш бошқармалари ходимлари йилига камида бир марта Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида малака ошириш курсларидан ўтади.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш
Бундан ташқари, Таҳлилий ва тадқиқот тузилмалар фаолиятини ташкил қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш Стратегик режалаштириш ва ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш этиб қайта ташкил этилмоқда. У вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, шунингдек, давлат таҳлил марказлари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг стратегик режалаштириш ва ривожлантириш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.
Унга президентнинг стратегик ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов раҳбарлик қилмоқда.
Агентлик мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.
Ҳужжат мувофиқлаштирувчи кенгашга қуйидаги вазифаларни юклайди:
- ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, технологик, гуманитар, экологик ва бошқа соҳалардаги долзарб муаммо ва масалаларни таҳлил қилиш, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, мамлакатни стратегик ривожлантириш бўйича ғоя ва ташаббусларни шакллантириш;
- Стратегик ташаббусларни «Ўзбекистон 2030» стратегияси, концепциялари, стратегиялари ва дастурларига мувофиқлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ишлаб чиқиш ва кўриб чиқишни мувофиқлаштириш.
Вазирликлар ва идораларнинг стратегик режалаштириш бўйича таркибий бўлинмалари, шунингдек, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг ахборот-таҳлил гуруҳлари раҳбарларига маслаҳатчи — тегишли бошқарма бошлиғи мақоми берилади.
Бундан ташқари, стратегик ҳужжатлар самарадорлигининг асосий кўрсаткичларини (KPI) режалаштириш, мониторинг қилиш ва таҳлил қилиш учун рақамли платформа (dashboard) яратиш кўзда тутилган.
Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигига икки ой муддатда стратегик режалаштириш, давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги, рақамли мониторинг воситаларини жорий этиш тартибларини белгилаб берувчи президент ҳужжати лойиҳасини тайёрлаш топширилди.
2026 йилдан бошлаб ҳар йили стратегик ислоҳот лойиҳалари рўйхати «Ўзбекистон 2030» стратегиясини амалга ошириш давлат дастурига киритилади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябрь ойида Стратегик ривожланиш агентлиги негизида президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ташкил этилганди.