Президент администрациясининг жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департамент бошлиғи ўринбосари Сергей Гордеев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида давлат раҳбари тегишли идораларга аҳоли ўртасида, айниқса аёллар, ёшлар ва вояга етмаганлар орасида гиёҳвандлик ва уюшган наркотик жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдиндан олдини олиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш топшириғини берганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, бу йўналишларда тезкор-қидирув ва тергов бўлинмалари манзилли фаолиятини кучайтириш, шунингдек жиноят-ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш зарур.
«Дунёда айнан ушбу уюшган нарко-жиноятчилик бевосита трансчегаравий характерга эга бўлиб, аҳолининг даромади ўсган, иқтисодий нуқтаи назардан ривожланаётган давлатларга келиш даражасида. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонимизда бу масалада вазият барқарор бўлса-да, бугундан бошламасак, янги турдаги жиноятчилик, янги турдаги наркотиклар айнан ёшлар, айнан вояга етмаганлар орасига кириб келиши хавфи мавжуд», — деди Сергей Гордеев.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев прокуратура органларидаги рақамлаштириш ишлари ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидлашича, янги технологияларни жорий этиш ҳисобига 100 миллиард сўмга яқин маблағ тежалган.
Йўлдошевнинг сўзларига кўра, президентга прокуратура органлари фаолиятини тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган фармон лойиҳаси ҳамда «Рақамли прокуратура — 2030» стратегияси ва унга мос «йўл харитаси» тақдим этилган.

«Лойиҳаларда мамлакатда қонунлар ижроси устидан самарали назоратни таъминлаш орқали қонун устуворлигига эришишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар назарда тутилган. Жумладан, мурожаатлар билан ишлашда инсон омилини истисно этадиган сунъий интеллект жорий қилинади. Натижада мурожаатларнинг саноқли дақиқаларда ижрочига етказилишига ва уларда кўтарилган масалаларнинг қисқа муддатда ҳал этилишига», — деди Ниғматилла Йўлдошев.
Шунингдек, прокуратура маълумотлар базаси бошқа идоралар тизимлари билан тўлиқ интеграция қилинади, бу эса текширувлар устидан онлайн назорат ўрнатиш ва жиноят ишларини электрон форматга ўтказиш имконини яратади.
Тақдимотда, шунингдек, рақамлаштириш жараёни тергов ҳаракатларини тезлаштириши, инсон омилининг таъсирини камайтириши ва ходимлар масъулиятини ошириши таъкидланганди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳузуридаги Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институти ихтисослаштирилган маркази раҳбари Хагани Гажиев маълум қилишича, грантлар ҳисобидан криптоактивлар транзакцияларини таҳлил қилиш учун тахминан 30 та дастурий мажмуа сотиб олинган, бу эса «блокчейн таҳлили соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш имконини яратади».
450 та эксперт хулосалари ва тадқиқотлар натижасида 189 та кибержиноят фош этилган.

Шунингдек, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб академияда киберҳуқуқ йўналиши бўйича кундузги бакалавриат таълими йўлга қўйилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.