Таълимни ривожлантириш марказига раҳбар тайинланди

Таълимни ривожлантириш марказига раҳбар тайинланди

Юлия Василевна Рисюкова Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказига раҳбар тайинланди. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар берди.

4 ноябрь куни Президент администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Ҳилола Умарова Таълимни ривожлантириш маркази йиғилишини ўтказди. Йиғилиш аввалида ПА раҳбарининг тайинлов тўғрисидаги фармойиши ўқиб эшиттирилди.

Ҳилола Умарова, шунингдек, давлат раҳбари таълим соҳасига доир белгилаб берган долзарб вазифаларга тўхталиб, марказга вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда янги лойиҳаларни самарали йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берди.

Йиғилиш давомида марказ олдига қўйилган вазифалар ва таълим соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди. Якунда таълим соҳасидаги ислоҳотларни янада такомиллаштириш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Эслатиб ўтамиз, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил апрелдаги қарори билан ташкил этилган.

Таълим марказига соҳа юзасидан кенг ваколатлар берилган. Хусусан, таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари учун янги дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр қилиш, мактабгача таълим, умумий ўрта таълим ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларини, шунингдек, ўқув курсларини моддий-техник жиҳозлаш талабларини ишлаб чиқади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.