Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё давлатлари «мураккаб геосиёсий қуршовда».
«Бугун бу ерга йиғилган етакчилар мураккаб геосиёсий муҳитда жойлашган давлатлар вакилларидир. Биз буни тушунамиз. Сизлар қудратли мамлакатлар ўртасида қолган буюк миллатларсиз. Бугунги учрашув ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш ва мамлакатларингиз ўз тақдирини ўзи белгилашини таъминлаш учун имкониятдир», — деди у.
Ришнинг таъкидлашича, АҚШ Россия ва Хитой таъсирига муқобил вариантни таклиф қилишга тайёр:
«Беқарор Россия ва тобора тажовузкор бўлиб бораётган Хитой ўз миллий манфаатларини бутун дунё бўйлаб, кўпинча қўшнилари ҳисобидан илгари сураётган бир пайтда, Қўшма Штатлар Марказий Осиё мамлакатларига ишончли ҳамкор билан ҳамкорлик қилиш ва ўзаро иқтисодий ривожланиш учун ҳақиқий имкониятни таклиф қилмоқда».
Сенатор, шунингдек, Конгрессга АҚШнинг C5+1 форматидаги ҳамкорлар билан иқтисодий ҳамкорлигидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳаси киритилганини маълум қилди:
«Ушбу йўналишни қўллаб-қувватлаш мақсадида мен сенатор [Стив] Дейнс ва ҳамкасбларим билан биргаликда шу ҳафта C5+1 форматидаги ҳамкорларимиз билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги эскирган тўсиқларни бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳасини тақдим этдим. Гап Жексон-Вэник тузатиши чекловларини бекор қилиш ҳақида кетмоқда».
У ташаббус C5+1 платформасининг ўн йиллигида тақдим этилгани ва «мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янги, жадал даврини» очишга қаратилгани рамзий маънога эга эканини таъкидлади.
Сўзининг якунида сенатор Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича махсус вакил Сержио Горнинг АҚШ дипломатик алоқаларини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини таъкидлади:
«Сержио АҚШнинг Ҳиндистондаги элчиси сифатидаги янги вазифасини аъло даражада уддаламоқда, шунингдек, сиз учун энг муҳими — Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича махсус элчи вазифасини бажармоқда. Ва, ишонинг, АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги узоқ муддатли муносабатларни мустаҳкамлаш учун ундан муносиброқ одам йўқ».
C5+1 платформаси АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта давлати — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни бирлаштиради. У 2015 йилда сиёсий, иқтисодий ва минтақавий ҳамкорлик формати сифатида ташкил этилган. Навбатдаги саммит 6 ноябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтади.
Жексон-Вэник тузатиши — 1974 йилда АҚШ Савдо тўғрисидаги қонунига киритилган тузатишлар бўлиб, улар эмиграцияга (кўчиш) тўсиқ қўювчи ва бошқа инсон ҳуқуқларини бузувчи давлатлар билан савдони чегаралашни кўзда тутади. Ҳужжат уни таклиф қилган конгрессменлар Генри Жексон ва Чарльз Веник шарафига номланган. АҚШ давлат котиби Марко Рубио Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонга нисбатан киритилган ушбу тузатишни «эскилик сарқити» деб атаганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.