«АҚШ Марказий Осиёни эътиборсиз қолдирган собиқ президентларнинг хатоларини тузатмоқда» — Дональд Трамп

«АҚШ Марказий Осиёни эътиборсиз қолдирган собиқ президентларнинг хатоларини тузатмоқда» — Дональд Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп 6 ноябрь куни Оқ уйда Марказий Осиё давлатлари етакчилари билан «C5+1» форматида учрашув ўтказди. У саммитни «тарихий воқеа» деб атади ва Қўшма Штатлар минтақа давлатлари билан стратегик шерикликни мустаҳкамлашга тайёрлигини таъкидлади.

«Ҳақиқатан ҳам буюк инсонлар ва етакчилар гуруҳини қабул қилиш мен учун катта шараф. Фақат саноқли раҳбарларгина бу стол атрофида ўтирганлар билан тенглаша олади. Булар дунёнинг ажойиб минтақаси бўлган Марказий Осиёнинг вакиллари», — деб айтган Трамп.

Унинг қайд этишича, Марказий Осиё «ақлли ва матонатли одамлар» яшайдиган «кучли ва мураккаб минтақа».

«Биз Овал кабинетда ушбу етакчилар билан қатор самарали икки томонлама учрашувларни якунладик, уларда дунёнинг ушбу ўта муҳим минтақаси билан муносабатларимизни муҳокама қилдик. Биз иқтисодий шерикликни мустаҳкамламоқдамиз, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқдамиз ва умумий алоқаларни кенгайтирмоқдамиз», — деб айтган Трамп.

Президент сўнгги ойларда АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида «сезиларли ҳажмдаги савдо битимлари,» жумладан, Америка ҳарбий техникасини етказиб бериш бўйича келишувлар имзоланганини эслатди. «Биз дунёдаги энг яхши ҳарбий техникани ишлаб чиқарамиз ва бу етакчилар буни жуда яхши тушунишади — айниқса мен ўз лавозимимни эгаллаб, Америка қуролли кучларини тўлиқ янгилаганимдан бери», — дея таъкидлади у.

«АҚШ Марказий Осиёни эътиборсиз қолдирган собиқ президентларнинг хатоларини тузатмоқда» — Дональд Трамп
Трампнинг сўзларига кўра, унинг маъмурияти «дунёнинг тарихий ва географик чорраҳасида» жойлашган Марказий Осиё мамлакатлари салоҳиятини эътиборсиз қолдирган «аввалги президентларнинг хатоларини тузатмоқда».

«Бугунги кунда уларнинг Евроосиёнинг қоқ марказида жойлашгани уларга улкан аҳамият ва улкан салоҳият бағишламоқда. Афсуски, АҚШнинг аввалги президентлари бу ҳудудга умуман эътибор бермаган. Бу ҳайратланарли, чунки Марказий Осиё нафақат стратегик жиҳатдан муҳим, балки ниҳоятда бой ҳудуд ҳамдир. Биз бу хатони тузатмоқдамиз. Мен Американинг бу мамлакатларнинг ҳар бири билан ҳамкорлигини ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ қилмоқчиман», — деб айтган Трамп.

Унинг таъкидлашича, муҳим минераллар билан ишлаш учрашувнинг асосий мавзуларидан бири бўлди.

«Сўнгги ҳафталарда менинг маъмуриятим бутун дунё бўйлаб иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан ушбу ресурсларни етказиб бериш занжирларини кенгайтириш бўйича келишувлар тузиш орқали АҚШнинг иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлади», — деди Трамп.

Халқаро масалалар ҳақида гапирар экан, Трамп Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик келишуви тузилгани ҳақида маълум қилди, шунингдек, Россия ва Украина ўртасидаги уруш тўхтатилишига умид билдирди.

«Уч ой олдин менинг маъмуриятим Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тарихий тинчлик келишувига эришди — бу саккиз ой ичида якунлашга муваффақ бўлган саккизта қуролли можародан бири. Ҳозир биз яна бир нарса устида ишлаяпмиз — Россия ва Украина ўртасида. Биз ҳали келишувга эриша олмадик, аммо, айтганимдек, сезиларли ютуқларга эришдик», — деди у.

«АҚШ Марказий Осиёни эътиборсиз қолдирган собиқ президентларнинг хатоларини тузатмоқда» — Дональд Трамп
АҚШ президенти «Трампнинг халқаро тинчлик ва фаровонлик йўлаги» (TRIPP) — Озарбайжон ҳудуди ва унинг эксклави — Нахичеван Автоном Республикаси ўртасида Арманистон ҳудуди бўйлаб транспорт йўлаги лойиҳасини тилга олди. Унинг сўзларига кўра, бу йўналишдан Марказий Осиё давлатлари Европага чиқиш учун фойдаланиши мумкин.

«Ушбу йўл дунёнинг энг муҳим нуқталаридан, жумладан, иқтисодий жиҳатдан ҳам ўтади ва Марказий Осиё мамлакатларига ёрдам бериш орқали Каспий денгизининг нариги томонида савдо ва ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган», — деди у.

Бундан ташқари, Трамп Қозоғистон «Иброҳим келишувлари»га расман қўшилганини маълум қилиб, буни «тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам», — деб атади.

«Мен учун улкан ҳурматга сазовор бўлган ушбу таниқли раҳбарлар билан бирга бўлиш катта шараф. Очиғини айтаман — улар ўйин ўйнашмаяпти», — деди Америка президенти.

Ўзбекистон президенти «C5+1» саммитида АҚШ президентининг Марказий Осиё билан ҳамкорликни ривожлантиришдаги ролини юқори баҳолади. У Дональд Трамп Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтата олишига умид билдирди. Шавкат Мирзиёев навбатдаги саммитни 2026 йилда Самарқандда ўтказишни таклиф қилди.

Президентнинг Вашингтонга бу галги ташрифи чоғида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида нодир металларни қазиб олиш, насос станцияларини модернизация қилиш, томчилатиб суғоришни жорий этиш, самолётлар, ловия ва пахта етказиб бериш бўйича келишувлар имзоланди. Дональд Трамп мамлакатлар ўртасида 10 йилга мўлжалланган 100 млрд долларлик «ақл бовар қилмайдиган савдо-иқтисодий келишув» тузилгани ҳақида маълум қилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.