
«Биз Ўзбекистонда кучли, технологик ва адолатли иқтисодиёт қурмоқдамиз. 2030 йилга бориб саноат ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга ошириш ва мамлакат маҳсулотларининг учдан бир қисми юқори қўшилган қийматга эга бўлишига эришиш ниятидамиз», — деди у.
Президентнинг сўзларига кўра, ушбу мақсадларга эришиш учун мамлакатга Америка технологиялари ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур.
«Бу ҳар йили камида 35 миллиард долларлик инвестицияларни жалб қилиш ва бутун мамлакат бўйлаб 250 мингга яқин янги иш ўрнини яратиш имконини беради. Буларнинг барчаси келажак учун мустаҳкам пойдевор бўлади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Унинг қайд этишича, замонавий тармоқлар ва сақлаш тизимлари туфайли энергия таннархи 15 фоизга арзонлашади.
«Бу минтақадаги энг арзон тарифлардан бири бўлиб, саноатни жадал ривожлантириш ва инвестициялар жалб қилишга замин яратади. АҚШ билан биргаликда тоза генерациядан „ақлли“ тармоқлар ва энергетика платформаларига ўтишни мақсад қилганмиз», — деди президент.

«Ўзбекистон уран, мис, вольфрам, молибден ва графит қазиб олиш ва чуқур қайта ишлашни ривожлантирмоқда. Биз Америка Қўшма Штатлари билан муҳим минералларни етказиб беришнинг ишончли занжирини яратишга ва қайта ишлашнинг замонавий технологияларини жорий этишга тайёрмиз», — деди Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, бу энергетика ва машинасозликдан тортиб, аккумулятор тизимлари ва электротранспортгача бўлган янги илғор ишлаб чиқаришларга замин яратади.
«Биз автомобиль ва темирйўлларни, юк терминаллари ва аэропортларни модернизация қилмоқдамиз. Ушбу лойиҳалар 2030 йилга бориб логистика харажатларини 25 фоизга камайтириш, юк ташиш ҳажмини 40 фоизга ошириш, транспорт ва инфратузилмани ривожлантиришга 12 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўналтириш имконини беради», — деди у.
Мирзиёев Ўзбекистон АҚШ билан биргаликда логистика ва терминалларни бошқариш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини қўшимча қилди.

Шахсий маълумотларни сақлаш ва рақамли платформаларни тартибга солиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
«Биз америкалик ҳамкорлар билан биргаликда қонунчиликни янгилаш бўйича ишларни якунлаяпмиз. Бу янги технологик шериклик, жумладан, Apple Pay ва Google Pay глобал тўлов тизимларини ишга тушириш, рақамли академиялар ва стартап ҳаблар тармоғини яратиш имконини беради», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президентнинг маълум қилишича, томонлар АҚШ савдо вазири Ховард Латник билан биргаликда уч йиллик саноат кооперацияси дастури бўйича келишиб олган.
Халқаро молиявий ривожланиш корпорацияси (DFC) ва АҚШ Эксимбанки раҳбарлари билан лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун замонавий молиявий воситалардан фаол фойдаланишга келишиб олинган.
«Биз сиёсий ва ҳукумат даражасида ишончли ишонч муносабатларини ўрнатиб улгурдик. Энди бизнес билан шерикликни йўлга қўйиб, уни аниқ лойиҳалар билан бойитиб, амалга оширишга ўтиш вақти келди», — деди президент.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.