Элчи Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) имзолангандан сўнг визалар бўйича музокараларда муваффақиятга эришган Европа Иттифоқи ва Қозоғистон мисолини келтирди.
«Менимча, Ўзбекистон билан ҳам шундай жараён бўлиши мумкин. Лекин эртага бу содир бўлмайди. Ҳаммаси муносабатларимиз қанчалик мустаҳкамланишига боғлиқ бўлади, Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим эса бунинг учун яхши асос бўлиб хизмат қилади», — деди дипломат.
«Аввало, бу жараён. Мен бу мавзу (виза тартибини соддалаштириш — таҳр.) Ўзбекистон фуқаролари учун қанчалик муҳим ва қизиқарли эканини тушунаман. Лекин биз Кенгайтирилган ҳамкорлик тўғрисидаги битимни эндигина имзолаганимиз учун буни босқичма-босқич олиб боришимиз керак. У бу масала бўйича мулоқот имкониятини назарда тутади, энди мулоқот ва жараён тўғридан-тўғри ривожланиши учун муносабатларимизни мустаҳкамлаш устида ишлашимиз керак», — қайд этди Тойво Клаар.
Виза масаласининг ривожланишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омиллар ҳақида гапирар экан, элчи ўзбекистонликларнинг ЕИ мамлакатларидаги ижобий ва виждонли тажрибаси муҳимлигини таъкидлади.
«Фуқаролар виза қоидалари ва қолиш муддатларига риоя қилса, кейинги қадамлар учун яхши замин яратади», — тушунтирди дипломат.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва ЕИ 24 октябрь куни Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаган эди. Бу, жумладан, томонларга «зарур шартлар мавжуд бўлса» виза режимини соддалаштириш бўйича келишув юзасидан музокараларни кўриб чиқиш имкониятини ҳам назарда тутади.
Октябрь ойида Қозоғистон ОАВлари ТИВга таяниб, бу масала бўйича ЕИ доирасидаги ички муҳокамалар якунланиши кутилаётгани ҳақида хабар берганди. Ушбу муҳокамалардан сўнг расмий музокаралар бошланиши эълон қилиниши мумкин.
«Шартлар ва визанинг эҳтимолий юмшатилишини томонлар музокаралар жараёнида бевосита муҳокама қилади ва якунланганидан кейин эълон қилиниши мумкин», — дея Қозоғистон ТИВдан иқтибос келтирган ОАВ.
ЕИнинг виза тартибини соддалаштириш бўйича асосий талабларидан бири — реадмиссия келишуви. Бу давлатлар ўз фуқароларини бошқа давлатнинг иммиграция қоидаларини бузган тақдирда қайта қабул қилиш мажбуриятини билдиради.
Қозоғистон аввалроқ ноқонуний миграциянинг олдини олишга ва ЕИда ноқонуний яшаётган фуқароларни қайта қабул қилиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлаганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.