Саида Мирзиёева Америка — Ўзбекистон ишбилармонлар ва инвестициялар кенгаши ҳамраиси бўлди

Саида Мирзиёева Америка — Ўзбекистон ишбилармонлар ва инвестициялар кенгаши ҳамраиси бўлди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз фармони билан Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилишини тасдиқлади. Уни ташкил этиш тўғрисидаги келишувга давлат раҳбарининг 4−6 ноябрь кунлари «С5+1» саммити доирасида АҚШга ташрифи чоғида эришилган эди.

Кенгашга Ўзбекистон томонидан Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, Америка томонидан эса АҚШ президенти вакили ҳамраислик қилмоқда.

Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбарига Ўзбекистон томонидан кенгаш таркибини, унинг регламентини ва фаолияти тартиб-таомилларини тасдиқлаш ваколати берилади.

Кенгашга кўриб чиқиш учун киритиладиган қуйидаги масалаларни ишлаб чиқиш устувор ҳисобланади:

  • стратегик бизнес ташаббуслар, йирик инвестиция ва савдо лойиҳалари ишлаб чиқилиши ва келишилишини мувофиқлаштириш, шунингдек, улар амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш;
  • Ўзбекистонга қўшимча инвестицияларни жалб этиш учун махсус инвестиция фондини яратиш, йирик инвесторлар сифатида Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC)ни ва Ўзбекистон томонидан ҳам инвесторларни белгилаш, шунингдек, муҳим инфратузилмавий ва стратегик лойиҳаларни молиялаштириш ва хатарларни тақсимлаш учун йирик молия институтларини (ЕТТБ, ХМК, ОТБ) жалб қилиш;
  • тариф ставкаларини ўзаро пасайтириш масалалари бўйича музокараларни давом эттириш;
  • Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-парк) резидентлари бўлган компаниялар маҳсулотлари ва хизматларини тизимли равишда илгари суриш;
  • мамлакатнинг инвестиция портфелини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки валюта захирасининг бир қисмини ва бошқа активларини диверсификациялаш бўйича таклифлар киритиш.

Шунингдек, фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасига қўшимча маслаҳатчи элчи — Ўзбекистон президенти администрациясининг АҚШдаги вакили лавозими киритилади. Маслаҳатчи элчи лавозимига тайинлаш ва ундан озод этиш, шунингдек, фаолияти регламентини тасдиқлаш Президент администрацияси раҳбари томонидан амалга оширилади.

Маслаҳатчи элчи ўз фаолиятида Президенти администрацияси раҳбарига ҳисобдор ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари фаолиятини икки томонлама муносабатларни ривожлантириш қисмида қўллаб-қувватлашга масъул ҳисобланади.

Ташқи ишлар вазирлиги бир ой муддатда АҚШ ҳудудида қўшимча консулликлар очиш масаласини ишлаб чиқиб, бунда географик қамровни таъминлаш учун контингентга АҚШ тармоқларининг асосий хаблари билан ишловчи ходимлар ва мутахассисларни киритсин ҳамда ватандошлар йирик диаспоралари энг кўп тўпланган ҳудудларни (Филадельфия, Чикаго, Орландо ва Сиэтл шаҳарлари) ҳисобга олиши кераклиги белгиланди.

2026 йил 1 январдан бошлаб хорижий корхоналарнинг устав фондини шакллантириш (ёки капиталда иштирок этиш) учун АҚШдаги инвестиция фаолияти бўйича резидентлар операциялари — Ўзбекистондаги банкларда резидентлар ҳисобларидан пул маблағларини ўтказиш, АҚШдаги филиалларини айланма маблағлар билан тўлдириш чекловларсиз, резидентлар ҳисобларидаги маблағлар доирасида амалга оширилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда даромадни ошириш мақсадида Кенгашга энг фойдали ва юқори ликвидли, шу жумладан, АҚШда жойлашган активларга йўналтириш учун мамлакатнинг инвестиция активлари ва валюта захиралари тузилмасини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Америка томони билан Инвестицияларни ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим бўйича музокаралар бошлайди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.