Президент мақола аввалида Марказий Осиё ўз тараққиётининг янги, тарихий аҳамиятга молик босқичига қадам қўяётганини таъкидлаган. У бугун минтақа мамлакатлари бирдамлик босқичига ўтяётгани, минтақада узоқ йиллар давомида илк бор биргаликда олдинга қараб бориш учун пойдевор бўлиб хизмат қилаётган ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳурмат муҳити шаклланаётганини қайд этди.
«Бу — ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган жараён эмас, балки умумий тақдири ва биргаликда тараққий этиш салоҳиятини англаб етган мамлакатларимиз етакчиларининг аниқ мақсадга қаратилган саъй-ҳаракатлари ва сиёсий иродаси натижасидир. Айни пайтда бу жараён ўзаро ишонч муҳитида тобора қизғин тус олаётгани Марказий Осиё мамлакатлари халқлари томонидан қўллаб-қувватланаётган минтақавий ҳамкорлик кенг кўламдаги заруратга айланганидан далолатдир», — деди президент.
Президент нисбатан қисқа муддатда минтақавий ҳамкорлик ва ишончли мулоқотнинг самарали механизмига айланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақада бўлаётган ўзгаришларнинг тимсоли эканини қайд этди. Ушбу учрашувлар Марказий Осиёнинг бугунги тараққиёти ва келажагига дахлдор стратегик масалалар бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун асосий мулоқот майдони сифатида шаклланди.
Давлат раҳбари бўлажак Тошкент саммити барқарор, ўзаро боғлиқ ва фаровон Марказий Осиёни биргаликда барпо этишда янги муҳим босқични бошлаб беришини таъкидлади.
Давлат раҳбарларининг Тошкентдаги учрашуви бошланган йўлнинг давоми сифатида мамлакатларнинг ўзаро англашув ва шериклик руҳига содиқлигини тасдиқлаши, минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришда туб бурилиш ясаши кераклигини қайд этди.
«Жаҳон тартиботининг кенг кўламда трансформацияга учраши, глобал иқтисодиётни парчалашга қаратилган хатарлар, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларнинг кескинлашиб бораётгани саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш йўлидаги интилишимизни кучайтирди», — деди президент.
Унинг қайд этишича, буларнинг барчаси Марказий Осиё давлатларидан янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилишни тақозо этади. «Айнан шунинг учун ҳам бугунги кунда ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш шунчаки сиёсий мақсад эмас, балки стратегик заруратдир. Марказий Осиё барқарорлик ва бунёдкорлик ҳудудига, минтақавий ўзаро боғлиқлик барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганининг намунасига айланди», — деди Ўзбекистон раҳбари.
«Энг муҳими, қардош халқларимиз бўлаётган барча ижобий ўзгаришларни ўз кундалик ҳаётида ҳис этмоқда. Янги ўтказиш пунктлари очилгани, авиақатновлар, темир йўл ва автобуслар йўналишлари йўлга қўйилгани ўзаро борди- келдиларни бир неча бор ошириш, маданий- гуманитар алоқаларни кенгайтириш имконини берди. Минтақа мамлакатларининг умумий сайёҳлик оқимида ички минтақавий туризмнинг улуши 80 фоиздан ошди», — деди Шавкат Мирзиёев.
«Бу фарқли жиҳатларимизни эътироф этиш ва айни пайтда халқларимизнинг умумий тарихи, муштарак маданиятини, тақдирларимиз ўзаро боғлиқ эканини чуқур англашга асосланади. Қўшничилик — хавф эмас, имконият, бир тарафнинг муваффақияти — барчанинг ютуғи деган ягона минтақавий маконга мансублик ҳисси шаклланмоқда», — деди у.
«Мана шундай ишонч, ўзаро англашув ва умумий келажак руҳи бугунги кунда минтақавий жипслашувни янада мустаҳкамлаш, яъни барқарор ва ўзаро боғлиқ, фаровон Марказий Осиёни биргаликда барпо этиш бўйича Марказий Осиё жараёнини бошлаш учун энг муҳим таянч асосдир», — деди давлат раҳбари.
Унинг таъкидлашича, Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати ўз саъй-ҳаракатларини иқтисодиётни ривожлантириш, ишончни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтириш орқали минтақамиз барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлашга сезиларли ҳисса қўшмоқда.
Хусусан, давлат раҳбарининг қайд этишича, Қозоғистон транспорт йўлакларини фаол ривожлантирмоқда, чегара пунктларини модернизация қилмоқда, савдо тўсиқларини бартараф этмоқда ва маданий-гуманитар алмашинув бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда. Қирғизистон ва Тожикистон музликларнинг эриши билан боғлиқ масалаларда изчил ҳамкорлик қилмоқда, энергетика тизимларини модернизация қилиш ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда. Туркманистон тинчлик ва ишончни мустаҳкамлаш, минтақанинг транспорт-транзит салоҳиятини ошириш, БМТнинг Орол ҳавзаси ва иқлим технологиялари бўйича дастурини қабул қилишга доир муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда.
«Амалий ҳаракатларимиз, келажак учун масъулиятимиз, яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро манфаат тамойилларига содиқлигимиз шуни исботлади: Янги Марказий Осиё тинчлик, барқарор тараққиёт ва яратувчан шериклик йўлини танламоқда. Рамзий маънода айтганда, биз девор эмас, кўприк барпо этмоқдамиз», — деди президент.
Ўзбекистон раҳбари минтақавий жипслашув борасидаги ютуқлар туфайли бугунги кунда Марказий Осиё халқаро муносабатларнинг ўз манфаатлари ва тараққиёт йўлларини аниқ тасаввур этадиган мустақил ва масъулиятли иштирокчиси сифатида қарор топганини қайд этди.
Илгари ташқи ҳамкорлар алоқаларни асосан икки томонлама асосда қурган бўлса, бугунги кунда дунёнинг етакчи давлат ва бирлашмалари Марказий Осиё билан муносабатларни яхлит минтақавий шерик сифатида ривожлантирмоқда.
«Бу минтақанинг бошқа ҳамкорлар билан муносабатларини янги босқичга олиб чиқади: Марказий Осиё ташқи ҳамкорлар билан халқаро муносабатларнинг ягона субъекти сифатида мулоқот қилса, унинг овози баландроқ ва ишончлироқ янграйди, позициямиз кучлироқ бўлади, инвестицияларни жалб этиш, бошқа мамлакатлар билан барча йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш бўйича вазифаларни янада самарали ҳал қила оламиз», — дея ёзади Мирзиёев.
«Дунёга очиқлигимиз, ниятларимизнинг шаффофлиги ва мулоқотга мойиллигимиз халқаро майдонда Марказий Осиёни янгича қабул қилиш учун асос бўлди», — дея қўшимча қилади президент.
Президант таъкидлашича, айни пайтда Марказий Осиёни дунёнинг етакчи давлатлари ва бирлашмалари билан боғлайдиган ўндан ортиқ «Марказий Осиё плюс» форматлари фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўзида «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи», «Марказий Осиё — Хитой», «Марказий Осиё — Россия» ва «Марказий Осиё — АҚШ» саммитлари бўлиб ўтгани минтақанинг глобал сиёсатдаги шиддати ва стратегик аҳамияти ортиб бораётганини тасдиқлайди.
«Янгидан-янги „Марказий Осиё плюс“ мулоқотлари давлат раҳбарлари даражасига кўтарилаётгани уларнинг амалий аҳамияти ва сиёсий қиммати ортиб бораётганидан далолат беради. Бир қатор форматларда эса энергетика, транспорт, „яшил иқтисодиёт“ ва рақамлаштириш соҳаларида аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳ ва котибиятлар ташкил этилмоқда», — дейди президент.
«Афғонистоннинг жафокаш халқи чуқур гуманитар инқироз шароитида яшашда давом этмоқда. Шу муносабат билан минтақа мамлакатлари Афғонистонни минтақавий ва халқаро жараёнларга изчил жалб этиш зарурлигидан келиб чиқмоқда. Бу эса ушбу мамлакат тараққиёти ва кенг минтақамизда барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади», — дейди президент.
Унинг қайд этишича, Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган Трансафғон темир йўлини барпо этиш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши савдо, инвестициялар ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик учун янги имкониятлар яратади, шунингдек, Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши учун асос бўлиб хизмат қилади.
Шу билан бирга, афғон халқига гуманитар ва таълим борасида ёрдам кўрсатиш, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари учун мутахассислар тайёрлаш ишлари давом этаётгани қайд этилган.
«Афғонистон умумий тинчлик ва хавфсизлик, ҳамкорлик ва тараққиёт маконининг бир қисмига айланиши лозим. Бу минтақанинг барча мамлакатлари манфаатларига жавоб беради ҳамда Марказий Осиёнинг жанубий сарҳадларида барқарорлик белбоғини шакллантиришга хизмат қилади», — дейди президент Мирзиёев.
У, шу муносабат билан Марказий Осиё яқин ўн йилликларда қандай ривожланади деган принципиал саволга биргаликда жавоб беришимиз зарурлигини қайд этди.
Марказий Осиё аҳолиси 80 миллионлик маррадан ўтиб бўлди, БМТ прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб, бу кўрсаткич 100 миллиондан ошади. Шунингдек, Марказий Осиё дунёнинг энг ёш минтақаларидан бири бўлиб, аҳолисининг ўртача ёши атиги 29 ёшни ташкил этмоқда.
Президент қайд этишича, ушбу демографик ресурсни тараққиёт ва инновациянинг қудратли омилига айлантириш, ёшларнинг истеъдоди ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шароит яратиш вазифаси турибди.
«Айни пайтда мамлакатларимизнинг ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш суверенитет, тенг ҳуқуқлилик ва ички ишларга аралашмаслик борасидаги мустаҳкам пойдевор асосида амалга оширилиши лозим деган вазмин ёндашувини қайд этиш муҳимдир. Ҳеч ким минтақа мамлакатларига бегона моделларни тиқиштирмаслиги ёки миллий тузилмалардан устун турадиган тузилмаларни яратмаслиги лозим», — дея қайд этди президент.
Марказий Осиёдаги ҳамкорлик ихтиёрий, прагматик ва мамлакатларимиз халқларига фойда келтирадиган реал натижаларга йўналтирилган бўлиб қолиши керак.
«Ҳозирги босқичда олдимизда ўта муҳим масалалар турибди, минтақамизнинг барқарорлиги ва ривожланиш суръатлари уларнинг ҳал этилишига боғлиқ», — дея президент ушбу масалаларга эътибор қаратган.
Биринчидан, минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришни давом эттириш. Мирзиёев мавжуд механизмларни мустаҳкамлаб, уларга барқарор тус ва амалий маъно-мазмун бағишлаш зарурлигини қайд этган. «Охир-оқибатда самарали минтақавий институтларсиз ҳамкорликни тизимли ривожлантириш ва қабул қилинаётган қўшма қарорларни сифатли амалга оширишни таъминлаб бўлмайди», — дейди у.
Иккинчидан, хавфсизлик. «Таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича умумий салоҳиятни шакллантиришдан иборат. Хавфсизлик кенгашлари котиблари, махсус хизматлар, мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини давом эттириш лозим. „Хавфсизликнинг бўлинмаслиги“ принципи асос бўлиб қолиши керак. Айни пайтда минтақавий ҳамкорлик амалдаги халқаро механизмлар билан узвий боғлиқ бўлиши, барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатлар ва умуман, минтақа хавфсизлигига нисбатан таҳдидларнинг кенг доирасига қарши туриш бўйича ўз салоҳиятини шакллантириши лозим», — дея қайд этган президент.
Учинчидан, иқтисодий соҳада ички минтақавий савдони ривожлантириш. Ўзбекистон раҳбари чегаралардан ўтиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва ўзаро инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш муҳимлигини қайд этди. «Саноат кооперациясини фаоллаштириш, минтақавий ва ҳудудлараро етказиб бериш занжирларини шакллантириш, чегараолди савдо зоналарини ривожлантириш, транспорт ва иқтисодий йўлаклар тармоғини кенгайтириш, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш зарур», — дея таъкидлади президент.
Ҳамкорликнинг экологик жиҳатига — иқлим ўзгаришларига мослашиш, трансчегаравий сув ресурслари ва биологик хилма-хилликни асраш, «яшил» энергетика ва кам углеродли технологияларга ўтиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратишимиз лозимлигини қайд этди.
Тўртинчидан, гуманитар ҳамкорлик. Президент инсон капиталини ривожлантириш, таълим, илм-фан ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш марказий вазифалигини таъкидлади. «Умумий ахборот маконини яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш сифатини ошириш, умуман, ижтимоий соҳани, жумладан, туризмни ва ёшларга оид қўшма дастурларни ривожлантириш — буларнинг барчаси халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлашга бевосита хизмат қилади. Умумий қадриятлар, маданий яқинлик ва фаровонликка биргаликда интилишга асосланган минтақавий ўзига хосликни шакллантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда», — деди у.
Бешинчидан, Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи сиёсатда келишилган ёндашувларини ишлаб чиқиш.
«Геосиёсий беқарорлик тобора ортиб бораётган ва жаҳон куч марказлари ўртасида рақобат кучайган шароитда минтақа давлатларининг халқаро майдондаги позицияларини мувофиқлаштириш барқарорлик ва умумий манфаатларни ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан асосий ҳамкорлар билан прагматик алоқаларни йўлга қўйишда ўз самарадорлигини исботлаган „Марказий Осиё плюс“ форматларини янада ривожлантириш зарур», — дея қайд этган Мирзиёев.
Президент таъкидлашича, ҳозирги босқичда «Марказий Осиё плюс» форматлари ва бошқа халқаро мулоқот майдонларида минтақавий мувофиқлашувни ривожлантириш, ташқи шериклар билан ҳамкорлик масалалари бўйича келишилган устувор йўналишлар ва позицияларни ишлаб чиқиш стратегик вазифага айланмоқда. «Фақат шу йўл билангина жаҳоннинг етакчи мамлакатлари ва бирлашмалари билан ҳамкорлигимизни давлатларимиз ва бутун минтақанинг иқтисодий ҳамда технологик тараққиётига, барқарорлигига хизмат қиладиган аниқ лойиҳалар асосида бойитишимиз мумкин», — дейди у.
«Ишончимиз комилки, глобал ноаниқлик даврида яхши қўшничилик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш — Марказий Осиёнинг асосий ресурсидир. Минтақа мамлакатлари якка ҳолда ҳал қилиши қийин бўлган умумий хавфсизлик муаммолари ва ривожланиш вазифалари биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан муваффақиятли ҳал қилиниши мумкин. Ишонч ва шерикликни мустаҳкамлаш ўз келажагини умумий қадрдон диёримиз — Марказий Осиёнинг тинчлиги, барқарорлиги ва тараққиёти билан боғлаган миллионлаб одамларнинг манфаатларига жавоб беради», — дейди у.
«Бугун биз кучли, барқарор ва фаровон минтақа — Янги Марказий Осиёнинг мустаҳкам пойдеворини яратмоқдамиз. Минтақамизда кечаётган жараёнлар — бу онгли ва ортга қайтмас танлов. Ушбу йўл биздан нафақат биргаликдаги саъй-ҳаракатларни, балки умумий келажагимиз учун масъулиятни ўз зиммамизга олишга тайёр бўлишимизни ҳам талаб қилади», — дея қайд этган президент.
«Куч ва имкониятларимизни бирлаштириб, умумий вазифаларни ҳал этмоқдамиз, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга тинч ва бунёдкор ҳамкорликнинг вақт ва ҳаёт синовидан ўтган — ишонч, яхши қўшничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлашга асосланган ўз моделимизни таклиф этмоқдамиз. Ва бугун Марказий Осиёни кенг минтақамизда яшаётган барча миллат ва халқлар учун ягона тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт маконига айлантирадиган ушбу тарихий суръатни сақлаб қолишимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир», — дея мақоласи якунлаган Шавкат Мирзиёев.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.