«Хотин-қизларни қарор қабул қилиш жараёнларида фаолроқ тарғиб қилиш муҳим» — Танзила Нарбаева

«Хотин-қизларни қарор қабул қилиш жараёнларида фаолроқ тарғиб қилиш муҳим» — Танзила Нарбаева

12 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари мулоқотининг йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилди Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон парламентлари депутатлари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Учрашув якунлари бўйича аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглиги соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларни акс эттирувчи Қўшма декларация қабул қилинди.

«Хотин-қизларни қарор қабул қилиш жараёнларида фаолроқ тарғиб қилиш муҳим» — Танзила Нарбаева
Декларациянинг асосий бандларидан бири — қарорлар қабул қилишда аёллар иштирокини ошириш учун минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсади. Гендер нормалари ижроси устидан парламент назоратини янада фаол ривожлантириш, тажриба ва илғор амалиёт алмашиш учун платформалар яратиш таклиф этилмоқда.

Декларациянинг алоҳида бўлими соғлиқни сақлашга бағишланган. Марказий Осиё мамлакатлари вакиллари тиббиёт муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аёллар, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича илғор тажриба алмашишга келишиб олди.

«Хотин-қизларни қарор қабул қилиш жараёнларида фаолроқ тарғиб қилиш муҳим» — Танзила Нарбаева
Декларацияда таълимга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Томонлар қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш учун имкониятлар яратиш, аёллар ва қизлар ўртасида етакчилик қобилиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ниятида эканини билдирди.

Аёлларни илм-фан, инновациялар ва технологияларни ривожлантириш, жумладан, сунъий интеллектга жалб этиш муҳимлиги таъкидланди. Иштирокчилар хотин-қизларнинг илм-фан соҳасида касбий ўсишига кўмаклашиш ва инновацион лойиҳалардаги иштирокини кенгайтиришга интилишини билдирди.

Декларацияда иқтисодиётни ривожлантириш ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам ўрин олган. Минтақа мамлакатлари хотин-қизларнинг иқтисодиётдаги иштирокини кенгайтириш, бизнес-форум ва ярмаркалар ташкил этишга кўмаклашиш, яшил иқтисодиёт ва рақамли технологиялар соҳаларида ташаббусларни ривожлантириш ниятларини тасдиқлади.

Ҳужжатда аёллар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигига алоҳида урғу берилган. Бу мамлакатларнинг аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига биргаликда қарши курашиш, қонунчиликни такомиллаштириш, қурбонларнинг олдини олиш ва ҳимоя қилиш бўйича тажриба алмашиш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлайди.

Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева эришилган ютуқларга қарамай, доимий эътиборни талаб қиладиган масалалар ҳамон сақланиб қолаётганини алоҳида таъкидлади.

«Хотин-қизларни қарор қабул қилиш жараёнларида фаолроқ тарғиб қилиш муҳим» — Танзила Нарбаева
«Хотин-қизларни қарорлар қабул қилиш жараёнларида фаолроқ тарғиб қилиш, уларнинг таълим ва иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш, иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш, рақамли иқтисодиёт ва илм-фандаги иштирокини рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга», — деди у.

Танзила Нарбаева, шунингдек, хотин-қизларнинг илмий-техникавий лойиҳалардаги иштирокини фаолроқ рағбатлантиришни таклиф қилди: «Биз илм-фан ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, аёлларнинг сунъий интеллект, янги технологиялар, тиббиёт ва таълим соҳасидаги тадқиқот ва лойиҳаларда иштирокини рағбатлантиришимиз керак. Илмий ва тадбиркорлик ютуқларини эътироф этиш бўйича ҳар йили „Марказий Осиёда инновация аёли“ мукофотини ташкил этиш истиқболли ташаббус бўлиши мумкин».

Сенат раисининг фикрича, аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликка қарши кураш асосий йўналишлигича қолмоқда. «Мамлакатимизда қонунчилик чоралари аллақачон қабул қилинган, бироқ уларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш, жамиятда камситишнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим аҳамиятга эга», — деди Нарбоева.

Йиғилиш якунлари бўйича иштирокчилар хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш, таълим ва инновацион имкониятларни кенгайтириш, репродуктив саломатлик, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш бўйича устувор вазифаларни ўз ичига олган ҳудудий «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.