«Ўзбекистон дунёга очиқлиги, дипломатия ва мулоқотга содиқлигини намойиш этди» — ЮНЕСКО форуми якунлари

«Ўзбекистон дунёга очиқлиги, дипломатия ва мулоқотга содиқлигини намойиш этди» — ЮНЕСКО форуми якунлари

Самарқандда 13 ноябрь куни ЮНЕСКО — Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош конференциясининг 43-сессияси ўз ишини якунлади. Икки ҳафта давом этган тадбир сўнгги 40 йил ичида биринчи марта ташкилотнинг Париждаги бош қароргоҳидан ташқарида бўлиб ўтди.

Ўзбекистонга миннатдорлик


Якунловчи йиғилишда сессия раиси Хондкер Муҳаммад Талха Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига мурувват, қўллаб-қувватлаш ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.

«Ушбу сессиянинг ЮНЕСКО қароргоҳидан ташқарида ўтказилиши рамзий маънога эга. У ЮНЕСКОни одамларга яқинлаштириш ва ушбу нуфузли ташкилотни бошқариш — биз хизмат қилаётган ҳамжамиятлар ва аъзо мамлакатларга яқинлаштиришга содиқлигимизни акс эттиради», — деди сессия президенти.

«Ушбу сессия бизга нафақат ўта муҳим масалаларни муҳокама қилиш, балки кўпчилигимиз учун имконсиз бўлган ноёб имконият — Ўзбекистоннинг бой маданияти, мероси ва меҳмондўстлиги билан шахсан танишиш имконини берди», — деди у.

Мажлисда Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига миннатдорлик билдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Хондкер Талханинг таъкидлашича, қирқ йилдан ортиқ вақт ичида биринчи марта сессияни ЮНЕСКО штаб-квартирасидан ташқарида ўтказиш «Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тарихий ташаббуси» туфайли амалга оширилди.

«Сессиямиз ЮНЕСКОнинг таълим, фан, маданият ва ахборот соҳаларида ҳамкорлик орқали дунёни қуриш миссиясининг моҳиятини ўзида мужассам этган гўзал Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди», — деди у.

«Ушбу тадбирни қабул қилиш орқали Ўзбекистон ўзининг дунёга очиқлигини, дипломатия ва мулоқотни, тинчлик ва ўзаро тотувликни қўллаб-қувватлашга содиқлигини намойиш қилди. Барчамизга кўрсатаётган меҳмондўстлиги учун Ўзбекистон ҳукумати ва халқига миннатдорлик билдираман. Сиз жуда мурувватли ва — шуни таъкидлашга ижозат беринг — жуда сабр-тоқатли мезбон бўлдингиз. Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз ушбу конференция муваффақиятининг энг муҳим таркибий қисми бўлди», — дея таъкидлади сессия президенти.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси Камол Мухторов шундай деди: «Биз Бош конференция сессиясини Самарқандда ўтказиш ташаббусини илгари сурганимизда, ЮНЕСКОни одамларга, одамларни ЮНЕСКОга, одамларни бир-бирига яқинлаштирмоқчи эдик. Умид қиламизки, бу эзгу мақсадга эришдик».

«Биргаликда биз бутун дунёдаги одамлар таълим, фан, маданият ва ахборот соҳасидаги ҳақиқий тараққиётни кундалик ҳаётида ҳис қилишлари учун кўп томонламалик, мулоқот ва ўзаро тушуниш кучини яна бир бор намойиш этдик», — деди у.

«Тинчлик маданиятини ўрнатиш»


184 та мамлакат, 3 та ассоциацияланган аъзо, 20 та нодавлат ва ҳамкор ташкилот (иштирокчилар сони 4600 дан ошди, шу жумладан, 3 та давлат раҳбари, 94 та вазир ва 2340 та делегат) иштирокида бўлиб ўтган сессия «абадий Самарқанд шаҳрида комиссиялар ва қўмиталар, расмий сессиялар ва норасмий мулоқотларнинг икки ҳафталик мулоқоти ва мунозаралари» бўлди, деб хулоса қилди Хондкер Талха.

«Ўзбекистон дунёга очиқлиги, дипломатия ва мулоқотга содиқлигини намойиш этди» — ЮНЕСКО форуми якунлари
Хондкер Талха. Фото: UNESCO / Husniddin Ato.

«Шу икки ҳафта мобайнида биз овозларнинг ҳақиқий демократиясини тингладик. Бу барча аъзо давлатлар, каттаю кичик, ўз овозини эшиттира оладиган форумдир», — деди у.

«Бу овозлар олдимизда турган муаммолар ҳақида очиқчасига ва долзарб тарзда сўзлади. Улар Афғонистон, Ғазо, Гаити, Ливан, Мьянма, Судан, Сурия, Украина, Яман ва бошқа жойлардаги можаролар ва урушларнинг даҳшатини, инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматининг топталишини тасвирлаб берди. Иқлим бузилиши бутун сайёра бўйлаб одамлар учун ҳақиқатга айланганини биринчи қўллардан эшитдик», — деди сессия президенти.

«Мамлакатлар маданий меросларнинг йўқ қилиниши ва маданий бойликларнинг ноқонуний олиб чиқилиши оқибатида маданиятнинг сўниб бориши ҳақида ўз фикрларини билдирди. Улар технологиялар, илмий тараққиёт ва келажак муаммоларини ҳал этиш учун зарур бўлган кўникмаларга нисбатан нотенг имкониятлар — айниқса, аёллар ва Глобал Жануб мамлакатларига нисбатан — кучайиб бораётган зиддиятлар ва тенгсизликни келтириб чиқараётгани ҳақида сўз юритди», — дея у турли мамлакатлар вакилларидан навбатма-навбат иқтибос келтирди.

«Бироқ ЮНЕСКО мандатининг барқарорлиги ва унинг энг долзарб муаммоларга ечим топиш қобилияти ҳам янгради. Масалан, таълим соҳасида, усиз тинчлик ва, бинобарин, тараққиёт бўлмайди. Маданиятнинг ўтмиш, бугун ва келажак орасида кўприк қурувчи умумий тил сифатида бирлаштириш кучига эга эканини сўзладилар», — дея таъкидлади Хондкер Талха.

Форум иштирокчилари «кимлигимизни белгилайдиган» меросни ҳимоя қилиш муҳимлигини таъкидлади. Улар ЮНЕСКОнинг маданиятни халқаро кун тартибида биринчи ўринга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлади. Кўпчилик ўғирланган маданий объектларнинг виртуал музейини яратишни қўллаб-қувватлади: бу — «уларнинг ноқонуний савдоси ва ўғирланишлари ҳақида хабардорликни оширишнинг кучли воситаси».

Кўплаб мамлакатлар сунъий интеллектдан нейротехнологияларгача бўлган ривожланаётган технологиялар даврида инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматига ҳурматни таъминлашда ЮНЕСКОнинг ролини таъкидлаб ўтди. «Нейротехнология этикаси бўйича илғор тавсиянома» қабул қилинди ва сунъий интеллект этикаси бўйича илмий тадқиқотлар учун Беруний номидаги ЮНЕСКО-Ўзбекистон биринчи мукофотлари топширилди.

Аъзо давлатлар, дея давом этди сессия раҳбари, ифода эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш, шунингдек, журналистлар хавфсизлигини таъминлашда, айниқса, инқирозлар шароитида ЮНЕСКОнинг муҳим роль ўйнашини таъкидлади. Улар дезинформацияга қарши туришда оммавий ахборот воситалари ва медиасаводхонликнинг муҳимлигини қайд этди.

«Биз олган сабоқларимизни энди ноаниқ келажакка олиб ўтишимиз лозим. Таълим учун тил кучидан, мулоқот учун маданий хилма-хилликдан фойдаланишимиз ва тинчлик маданиятини ўрнатишимиз керак», — деди Хондкер Талха.

«Яна ва яна такрорлаймизки, биз критик, ноёб ва мисли кўрилмаган даврда яшаяпмиз. Аммо ҳақиқат шуки, ҳар бир замон шундай бўлган. Инсоният доим ҳамкорлик ва эгоизм ўртасида, бирга яшаш ва изоляция орасида дилеммага дуч келган. Ишонаманки, бу Бош конференция ҳамкорликни, бирга яшашни танлади», — дея таъкидлади сессия президенти.

«ЮНЕСКО нафақат цивилизация хотирасининг сақловчиси, балки дунёнинг ахлоқий ва маданий компасидир», — дея хулоса қилди Хондкер Талха.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.