Ўзбекистонда Конституциявий судга мурожаат қилиш соддалаштирилади
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституциявий суди фаолиятини такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги
фармонни имзолади.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, мазкур ҳужжат Конституциявий суд фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, фуқароларнинг конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда суд ишларини юритишда шаффофлик ва самарадорликни оширишга қаратилган.
Унда қуйидагилар назарда тутилган:
- фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш;
- конституциявий шикоят институтини такомиллаштириш ва суд ҳимоясини кучайтириш;
- давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан конституциявий назоратни таъминлаш;
- 2026−2027 йилларда Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш дастурини амалга ошириш;
- 2027 йил 1 августдан суд ишларини юритишда E-KSUD ахборот тизимини жорий этиш, электрон мурожаатлар, онлайн кузатув ва видеоконференсия орқали суд мажлисларида иштирок этиш имкониятларини яратиш
- суд мажлисларини жонли эфирда узатиш, аудиоёзув орқали қайд этиш ва электрон баённомаларни шакллантириш;
- давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграция орқали фуқаролар ва тадбиркорларни ортиқча овора қилмасдан зарур маълумотларни электрон шаклда олиш амалиётини жорий этиш.
«Фармон Конституция устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда суд тизимида замонавий, очиқ ва халққа яқин механизмларни жорий этишга хизмат қилади», — деди Шерзод Асадов.
Келгуси йилда Конституциявий суд алоҳида бинога жойлаштирилиши кутилмоқда. Ҳозирда у Президент админстрацияси биносида жойлашган. 2026 йил январь ойидан бошлаб унинг ходимлари саккизта лавозимга кенгайтирилади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил баҳорида давлат раҳбари Конституциявий суд тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририни имзолаган эди. Қонун Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхатини фуқаролар ва юридик шахслар, болалар омбудсмани ва бошқаларни қамраб олган ҳолда кенгайтирди.