Ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган 8259 нафар мансабдор шахсга нисбатан 22 млрд сўмлик маъмурий жарималар қўлланган.
Техника хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича текширувлар 7327 та корхона ва ташкилотни қамраб олди. Уларда 11 мингга яқин қоидабузарлик аниқланган.
Ҳисобот даврида мамлакатда ишлаб чиқаришда 731 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Оқибатда 813 нафар ишчи жароҳатланган, улардан 212 нафари ҳалок бўлган. 535 киши оғир, 26 киши енгил тан жароҳати олган. Соҳалар кесимида 198 та бахтсиз ҳодиса қурилиш, 43 таси енгил саноат, 36 таси транспорт, 35 таси қишлоқ хўжалиги, қолганлари бошқа соҳаларга тўғри келган.
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ўрганилганда, 2372 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, мансабдор шахсларга нисбатан қарийб 1 млрд сўмлик маъмурий жарималар қўлланган, 196 та ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Бахтсиз ҳодисалар туфайли йил бошидан буён ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига 6,1 млрд сўм компенсация тўловлари ундирилган.
Вазир ўринбосари норасмий бандликни қонунийлаштириш масаласига алоҳида тўхталди. Меҳнат инспекцияси томонидан маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари билан бирга 17 мингта корхона хатловдан ўтказилди. Унинг якунлари бўйича 80 мингта иш ўрни расмийлаштирилди.
Вазирнинг биринчи ўринбосари, шунингдек, меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши кўпинча давлат бюджет ташкилотлари, шу жумладан, ҳокимликлар, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида қайд этилаётганини таъкидлади.
«Ноқонуний ишдан бўшатиш ҳолатлари кўпинча айнан давлат бюджет ташкилотларида учрайди. Кўп ҳолларда ходим меҳнат интизомининг бузилишига йўл қўйган бўлса ҳам, ўз вақтида хабар бериш, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш каби техник ёки ташкилий тартибларга риоя қилмагани сабабли уни ишдан бўшатиш ғайриқонуний деб топилади. Натижада судлар томонидан ходимларни ишга тиклаш бўйича қарорлар қабул қилинмоқда», — деди Марат Жўраев.
Шу муносабат билан, унинг қўшимча қилишича, меҳнат инспекцияси Олий суд, Адлия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда қонунчиликни, шу жумладан, ишдан бўшатиш ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартибини такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда.
Марат Жўраевнинг сўзларига кўра, вазирлик сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда меҳнат муносабатлари бўйича онлайн савол-жавоб тизимини жорий этиш устида ишламоқда. Фуқароларга онлайн режимда маслаҳат олиш имконини берадиган 10 мингта савол-жавоб базасини яратиш режалаштирилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.