2019 йилда қабул қилинган ушбу конвенция меҳнат соҳасидаги зўравонлик ва таъқибни бартараф этишга бағишланган. У ишчиларнинг хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини белгилайди, давлатларни зўравонлик ва таъқибни, жумладан, психологик ва жинсий зўравонликни олдини олиш учун қонунчилик ва сиёсатларни ишлаб чиқишга чақиради ҳамда жинси, ёши ёки лавозимидан қатъи назар, барча ишчиларни қамраб олувчи ҳимоя ва шикоят механизмларини кафолатлайди.
«Зўравонликка оид қонунларни ҳозир такомиллаштириш жараёни кетяпти. У нафақат аёл, болага нисбатан, умуман зўравонлик ҳар бир инсонга нисбатан бўлиши мумкин. Меҳнат соҳасида ҳам мана ҳарассмент ҳолатлари учраяпти айрим ташкилотларда. Ҳозир аёллар кўпроқ ишга киряпти-ку энди, ишлаяпти, ҳар хил лавозимларда ишлашяпти. Лекинҳхарассмент, яъни ўша тазйиқ, зўравонлик ҳолатлари ҳам учраб турибди. Шу бўйича Халқаро меҳнат ташкилотининг 190-конвенциясини ратификация қилиш режаларингизда борми, йўқми?» — деб сўради Танзила Нарбаева.
Вазирнинг биринчи ўринбосари бу масалага алоҳида қайтишни таклиф қилди.
«Жаҳон банкининг Ислоҳотлар матрицаси бўйича кейинги йил, 2026 йилга ўша иш жойида зўравонликни аниқлашнинг аниқ мезонлари ва тартибини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришганмиз ва улар бизга бу бўйича ўша экспертларни тақдим қилиш бўйича ёрдам беришган. Конвенция бўйича, саволингиз бўйича — бу конвенцияни ҳали, тўғриси, кўриб чиқяпмиз, ҳурматли Танзила Камаловна. Мен ҳозир аниқ буни режамизда бор деб айтишга қийналаман», — деди Марат Жураев.
Сенат раиси бу масала иш режасига киритилиши ва конвенция қонунчиликка жорий этилиши зарурлигини таъкидлади. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, бу катта молиявий харажатларни талаб қилмайди.
«Бунга жиддий ёндашиш керак, чунки бу ҳолатлар мутлақо ярашмайди. Мана куни кеча ҳалиги тадбиркор аёл тўғрисида, у ҳам ижтимоий тармоқларда жуда ҳам кўп шов-шув бўляпти. Бу умуман ярашмайди бизнинг жамиятга-да. Умуман ярашмайди. Шунинг учун иш берувчилар томонидан, катта лавозимлилар томонидан ҳарассмент ҳолатларига йўл қўйиляпти-да. Шунинг учун бу ҳам мана шу бугунги парламент сўровимизнинг бир йўналиши бўлиб ҳисобланиши керак бўлади», — деб қўшимча қилди Танзила Нарбаева.
Gazeta аввалроқ Ethno Line (Gravion компанияси) дўкони менежери Наргиза Маджитова «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан бизнес юритаётганда унинг раиси Мирмуҳсин Султоновдан ноўрин ишораларга дуч келганини хабар қилганди. Вазият оммага маълум бўлгач, «Ўзтўқимачиликсаноат» Мирмуҳсин Султонов 30 июнь куни уюшма раиси лавозимидан озод қилинганини ва у «уюшма фаолияти билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, унинг манфаатларини ифода этмаслигини ёки у бирон бир лавозимни эгалламаслигини» маълум қилганди.
«Ўзтўқимачиликсаноат» барча ҳаракатлар ва баёнотлар «белгиланган санадан кейин хусусий шахслар томонидан қилинганини ва компаниянинг позициясини акс эттирмаслигини» қўшимча қилди. Уюшма сайтида ҳозирда раис лавозими бўш деб кўрсатилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.