«Коррупция — давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса ислоҳотларимизга хиёнатдир! Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда „фавқулодда ҳолат“ эълон қиламиз!» — деди давлат раҳбари.
Унинг таъкидлашича, қатъий чоралар кўрилмаса, Ўзбекистон белгиланган ривожланиш мақсадларига эриша олмайди:
«Коррупцияга қарши фавқулодда ҳолат эълон қилмасак, мен айтган рақамларга эриша олмаймиз. Дунё ҳамжамиятининг бизга ишончи камаяди».
Президент барча давлат идораларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосар лавозими жорий этилиши, Ҳисоб палатаси вакиллари фаолияти йўлга қўйилишини маълум қилди.
«Тизимимиз анча эскириб қолди. Шунинг учун коррупцияга қарши янги тизим жорий қиламиз», — деди у. Президентнинг сўзларига кўра, янги раҳбарлар виждонсиз шахсларни аниқлаш, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва ваколатларни суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш билан шуғулланади, тўғридан-тўғри давлат раҳбарига ҳисобот беради.
«Давлатнинг ҳар бир сўми бўйича шахсий жавобгарлик кучайтирилади», — дея таъкидлади Мирзиёев.
У дахлсизликка умид қилаётган амалдорларни алоҳида огоҳлантирди:
«Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди деганлар адашади. Қонун олдида ҳамма тенг! Ички ишлар, прокуратура, солиқ ва божхона органлари, молия, банк, йирик давлат компаниялари, вазирлар ва ҳокимлар — бир сўз билан айтганда, бирон-бир идора ва ташкилот назоратдан четда қолмайди».
Комплаенс хизматлар фаолиятига тўсқинлик қилувчи шахслар коррупцияга шерик сифатида баҳоланади.
Унинг айтишича, 1 январдан бошлаб Президент администрациясининг комплаенс хизмати барча давлат органларида янги тизимни ишга тушириши ва қатъий назорат ўрнатиши лозим.
«Лавозимидан қатъи назар, порахўрлик ва ваколатни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ ҳар бир ҳолат юзасидан комплаенс хизмати шахсан менга ҳисоб беради. Ҳеч кимга бўйсунмайди. Мана шуни билинглар», — деди Мирзиёев.
У, шунингдек, янги тизим қаршиликка дуч келишини тан олди:
«Мана шу янгиликларни жорий қилмасак, одамлар бизга ишонмайди. Бу янги тизим бўлади. 1 январдан бошлаб у кўпчиликка ёқмаслиги мумкин. Менга ёқади. Кимга ёқмаса — кетади. Ҳамма қонун олдида жавоб беради. Буни муҳокама ҳам қилмаймиз. Менинг қулоғимга кўп гаплар етиб келяпти, „ундай“ экан, „бундай“ экан деб гапиряпти. Кечаги кунни муҳокама қилсаларинг, кетасизлар ҳаммаларинг. Буни қабул қилишга мажбурсиз», — деди у.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.