Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан Ўзбекистонда молиявий инклюзиянинг тенденциялари ва асосий йўналишлари таҳлил қилинди.
Молиявий инклюзия — бу аҳолининг барча қатламларини сифатли ва ҳаммабоп молиявий хизматлар билан таъминлаш.
2024-йил ҳолатига кўра, дунё аҳолисининг 79 фоизи ўзининг банк ҳисоб рақамига эга. Жумладан, 2021-2024 йиллар оралиғида молиявий ҳисобга эга аҳоли сони 5 фоиз бандга, ўрта ва паст даромадли мамлакатларда эса 6 фоиз бандга ошган. Global Findex (2025) ҳисоботига кўра, 2024-йилда ўрта ва паст даромадли мамлакатларда аҳолининг 40 фоизи (ўсиш 2021-йилдагига нисбатан 16 фоиз) ўз маблағларини банк ва молиявий ташкилотларда сақлаган.
МҲТИ мутахассисларининг таҳлили чоғида қуйидагилар аниқланди:
2018-йилда респондентларнинг 97,7 фоизи ўз маблағларини нақд пул кўринишида уйда сақлашни маъқул кўрган бўлса, 2025-йилда ушбу кўрсаткич 92,7 фоизгача қисқарган. 2018-2025 йиллар мобайнида банк ҳисобварақларидан фойдаланиш даражаси 4,2 фоиз бандга ва муддатли депозитлар шаклида сақлаш 3 фоиз бандга, ўз навбатида респондентлар улуши мос равишда 6 баробар ва 3 баробарга ошган. Бу эса аҳолининг молиявий саводхонлиги ортиб бораётгани ва банк тизимига ишончи мустаҳкамланаётганини англатади.
2021-йилдан 2025-йилга қадар бўлган даврда респондентларнинг камида 92 фоизи сўнгги 30 кунда банк картасига маблағ тушганини ва камида 91 фоизи банк картаси орқали харид қилганини таъкидлаган. Қолаверса, 2021-йил май ойида респондентларнинг қарийб 81 фоизи сўнгги 30 кун ичида банк картаси орқали банкоматдан нақд пул олганини билдирган бўлса, 2025-йилнинг биринчи ярмида бу улуш 95 фоизга етган, яъни банкоматлардан фойдаланиш даражаси сезиларли даражада ошган.
Таҳлил натижаси, респондентлар орасида молиявий транзакцияларнинг электрон шаклда бўлишини қўллаб-қувватловчилар 2021-йилдаги 78 фоиздан 2025-йилнинг биринчи ярмида 89 фоизга етганини кўрсатмоқда. Бу аҳоли орасида электрон транзакциялар кўпроқ оммалашаётганини англатади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.