Ўзбекистон донор қони захиралари ва донорлар сонини уч баравар оширмоқчи

Ўзбекистон донор қони захиралари ва донорлар сонини уч баравар оширмоқчи

Ўзбекистон президенти 20 январь куни 2026−2030 йилларда қон билан ишлаш хизматини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қон билан ишлаш хизматини молиялаштириш учун 2026 йилда 308 миллиард сўм, 2026−2030 йилларда эса соҳани такомиллаштиришга жами 1,75 триллион сўм назарда тутилган.

«Эҳтиёж — қайта ишлаш — етказиш» занжири


Қон билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш учун «эҳтиёж — қайта ишлаш — етказиш» занжирида жараёнларни бошқариш тизими жорий этилади. Рақамли платформа доирасида «Қон маҳсулотлари электрон ҳисобини юритиш» ахборот тизими татбиқ этилади.

У орқали қон ва унинг таркибий қисмлари ҳаракатини назорат қилиш, шошилинч тиббий ёрдам билан интеграцияланган ҳолда буюртма бериш, муассасаларнинг захирасини онлайн мониторинг қилиш имконияти яратилади. Шу билан бирга, қон хизмати тизими ходимларининг касбий билим ва кўникмалари оширилади, моддий-техник базаси мустаҳкамланади.

Қон захираларини ошириш


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида ҳар минг нафар аҳолига қон топширишларнинг (донациялар) сонини 10 тадан 30 тагача ошириш, жами донацияларнинг сонини 1 миллионтагача кўпайтириш орқали тайёрланадиган қон захирасини 150 минг литрдан 450 минг литргача етказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, беғараз донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш орқали ихтиёрий қон донорларининг сонини 300 минг нафардан 900 минг нафаргача етказиш мақсад қилинган.

«Бу, ўз навбатида, жарроҳлик амалиётлари билан боғлиқ жараёнларда беморларни керакли гуруҳдаги қон билан таъминлаш имкониятини яратади», — дея тушунтирди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси директори Элдор Одилов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Ўзбекистон донор қони захиралари ва донорлар сонини уч баравар оширмоқчи
Элдор Одилов.

Унинг сўзларига кўра, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан ҳамкорликда хавфсизлик баённомалари, стандарт операцион жараёнларни тартибга солувчи ҳужжатлар ишлаб чиқилган.

14 та махсус жиҳозланган қон йиғиш автотранспорт воситалари еткизиб берилади ва мобил гуруҳлар ташкил қилинади. Улар қон йиғиш ҳажмини 50 фоизгача оширишда ёрдам бериши кутилмоқда.

Давлат раҳбарига қон ва унинг компонентлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган замонавий скрининг усулларини жорий этиш режалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Аввал хабар қилинганидек, Япония ҳукумати Ўзбекистонга 14 та қон маркази ва 3 та қон қуйиш станцияси учун қиймати 2,3 млн доллардан ортиқ бўлган янги ускуналарни тақдим этади.

Қонни қайта ишлаш заводи


«Йилига 20 тонни плазмани ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлган қонни қайта ишлаш заводи қурилиши режалаштирилмоқда», — деди Элдор Одилов.

Ўзбекистон донор қони захиралари ва донорлар сонини уч баравар оширмоқчи
«Ўзбекистон 24» телеканали эфиридан олинган тақдимот слайди.

Йилига 20 тонна плазмадан қуйидаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда:

  • 10 тонна альбумин — жигар ва буйрак касалликларини даволашда, онкологик ва оғир аҳволдаги беморларни қўллаб-қувватлашда қўлланади;
  • 12 минг доза иммуноглобулин — аутоиммун ва яллиғланиш касалликларини даволаш, инфекцияларни шошилинч профилактика қилиш, трансплантология ва онкологияда қўллаб-қувватловчи терапия учун ишлатилади;
  • тромбоконцентрат — қон кетишини тўхтатиш ва тўқималарнинг битишини тезлаштириш учун қўлланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2023 йил июнь ойида Самарқанд вилоятидаги «Ургут» эркин иқтисодий зонасида қон плазмасидан дори воситалари ишлаб чиқарувчи фармацевтика заводи барпо этиш режалари ҳақида маълум қилганди. Лойиҳа қиймати 250 млн долларга баҳоланган бўлиб, музокаралар Хитойнинг Xindeyuan Bioengineering компанияси билан олиб борилган.

Spot маълумотига кўра, АҚШнинг Rafarma Pharmaceuticals компанияси ҳам Tashkent Pharma Park фармкластер ҳудудида донор қонидан олинган плазма асосида дори воситалари ишлаб чиқаришни 2026 йил охиригача йўлга қўйишни режалаштирган.

Президентнинг 2022 йил 21 январдаги фармони билан донор қонини хусусий тартибда йиғиш ва унинг асосида фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қўйилган тақиқ бекор қилинган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.