1 йиллик мактабга тайёрлов дастури мажбурий босқич сифатида киритилади

1 йиллик мактабга тайёрлов дастури мажбурий босқич сифатида киритилади


Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим ҳужжат қабул қилинди. Президентнинг 2026 йил 5 февралдаги фармони билан соҳани янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор вазифалар белгиланди.

Фармонга мувофиқ, 1 йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастури мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида жорий этилади. Бу орқали болаларни мактабга тайёрлаш тизимли равишда ташкил этиш кўзда тутилган.

Ҳужжатда мактабгача таълим муассасаларида болаларни тарбиялаш, ривожлантириш ва таълим бериш жараёнини ижобий муносабатлар асосида йўлга қўйиш мақсадида ўйинга асосланган таълим усулини кенг жорий этиш белгиланган.

Шунингдек, мактабгача таълим ва тарбия тизимини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ташкил этилади. Ушбу тармоқ таркибида Болаларни ривожлантириш инновацион маркази ҳам фаолият юритади.

1 йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг дастурлари мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ҳамда ижтимоий соҳага оид бошқа объектларда тўлиқ ёки қисқа муддатли гуруҳлар шаклида амалга оширилиши белгиланган.

Шу билан бирга, мактабгача ва умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига ҳам 1 йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга рухсат берилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.