Кўп квартирали уйларни лойиҳа таклифлари Депутатларнинг қарори билан маъқуллангандан кейин амалга оширилади

Кўп квартирали уйларни лойиҳа таклифлари Депутатларнинг қарори билан маъқуллангандан кейин амалга оширилади


Президентнинг 2026 йил 5 февралда қабул қилинган ПҚ–48-сонли қарорига мувофиқ, кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Ҳужжатга кўра, кўп квартирали уйларни таъмирлаш, реконструкция қилиш ҳамда туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича марказлашган манбалар ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини саралаш ва амалга оширишнинг янги тартиби ўрнатилди. Энди лойиҳа таклифлари аввало Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларида муҳокама қилинади ва фақат уларнинг қарори билан маъқуллангандан кейин амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек, шакллантирилган лойиҳалар бўйича лойиҳаолди тадқиқотлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, кўп квартирали уйларнинг бошқарувчилари ва лойиҳа ташкилотлари иштирокида, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ўтказилади.

Қарорда яна бир қатор янгиликлар назарда тутилган. Жумладан, кўп квартирали уйларнинг туташ ҳудудидаги барча дарахт ва буталар бошқарувчилар томонидан хатловдан ўтказилиб, улар ҳақидаги маълумотлар “Менинг уйим” ахборот биллинг тизимига киритиб борилади.

Марказлашган ичимлик суви истеъмолчиларига дарахт ва буталарни суғориш ишларини ҳисоблагичлар ўрнатилган ҳолда сутканинг исталган вақтида амалга оширишга рухсат берилади.

2026 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳрида кўп квартирали уйларда умумий йиғилишларни ташаббус қилиш, ўтказиш ва қарор қабул қилиш, шартномалар тузиш, шунингдек бошқарувчилар томонидан мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш жараёнлари фақат “Менинг уйим” ахборот биллинг тизими орқали амалга оширилади. 2027 йилдан эса мазкур тартиб республика бўйлаб жорий этилади.

Бундан ташқари, мажбурий тўловлар ҳамда кўп квартирали уйлардаги умумий мол-мулкни ижарага ёки фойдаланишга беришдан тушадиган маблағлар ҳисоби ҳам фақат шу тизим орқали юритилиши белгиланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.