Пилот лойиҳа доирасида музликлар фаолияти билан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Обиджон Қудратов, ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров ҳамда вилоят ва туман ҳокимликлари вакиллари танишди.
Обиджон Қудратовнинг таъкидлашича, сунъий музликларни жорий этиш тоғолди ҳудудларда сув танқислигини камайтиришнинг инновацион ва истиқболли ечими бўлиб, уни республика бошқа ҳудудларида ҳам қўллаш мумкин.
«Ice Stupa» технологияси мавсумдан ташқари даврда сувдан фойдаланиш имконини беради, энергия сарфини талаб этмайди, экологик жиҳатдан хавфсиз ва маҳаллий шароитга мослаштирилган. Музликларни қуришдан олдин ҳудуднинг иқлим хусусиятлари, сув манбалари имконияти ва аҳоли эҳтиёжлари ўрганилди.
Лойиҳа Глобал экологик жамғарма кўмагида амалга оширилаётган Озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланишга таъсирини баҳолаш ва тиклаш дастури (FOLUR–Ўзбекистон) доирасида рўёбга чиқарилмоқда. Шерзод Умаров ушбу технология иқлим ўзгаришига мослашиш, сув хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва барқарор қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Келгусида сунъий музликларни Ўзбекистоннинг бошқа тоғолди ва сув танқис ҳудудларида ҳам жорий этиш имконияти кўриб чиқилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.