Ўзбекистон Республикаси Пенсия жамғармаси маълум қилишича, фирибгарлар ўзларини банк ёки жамғарма ходими сифатида таништириб, келаси ойдан пенсия оширилишини айтишмоқда. «Қайта ҳисоб-китобни расмийлаштириш» учун улар паспорт маълумотлари, банк картаси рақами, ЖШШИР (ПИНФЛ) ёки SMS орқали келган тасдиқлаш кодини сўрашмоқда. Шу орқали фуқароларни чалғитиб, маълумотлар берилмаса пенсия қайта ҳисобланмаслигини таъкидлашмоқда.
Идорада таъкидланишича, жамғарма ходимлари ҳеч қачон телефон орқали шахсий маълумотлар ёки SMS-кодларни сўрамайди.
Фуқароларга паспорт маълумотлари, банк карталари реквизитлари ва бошқа махфий ахборотларни бегона шахсларга бермаслик тавсия этилмоқда. Шубҳали қўнғироқлар бўлган тақдирда, Пенсия жамғармасининг 1271 ишонч телефонига ёки ички ишлар органларининг 102 рақамига мурожаат қилиш лозим.
Жамғарма пенсионерлар ва уларнинг яқинларини ҳушёр бўлишга ва фирибгарлар найрангларига алданмасликка чақирди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.