Коррупцияга қарши курашда “профилактика + рақамлаштириш” модели ПФ — 270-сон фармонига асосланган моҳияти

Коррупцияга қарши курашда “профилактика + рақамлаштириш” модели ПФ-270-сон фармонига асосланган моҳияти

2025-йил 30-декабрда қабул қилинган ПФ — 270-сон Президент фармони Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган ҳужжатдир. Фармоннинг кириш қисмидаёқ вазифа аниқ қўйилади: коррупцияга қарши давлат сиёсатини изчил давом эттириш, халқаро рейтинг ва индекслардаги ўринни яхшилаш ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини “янги босқич”га кўтариш.

Фармоннинг энг кучли томони — устувор йўналишларни 2030-йилгача аниқ белгилаб берганида. Бу йўналишлар ичида тўртта асосий ғоя мавжуд: давлат органлари ва давлат улуши юқори ташкилотларда профессионал ва самарали коррупцияга қарши тизимни шакллантириш; коррупция оқибатлари билан курашишдан кўра коррупциявий омилларни барвақт аниқлаб, превентив механизмларни жорий этиш; рақамли технологиялар, жумладан сунъий интеллектни кенг қўллаш; очиқлик сиёсатини изчил давом эттириш. Яъни ҳужжат “жазодан олдин — олдини олиш” тамойилини давлат сиёсати даражасига кўтаради.

Иккинчи муҳим блокКоррупцияга қарши курашиш агентлиги ваколатлари ва вазифаларининг кенгайтирилиши. Фармон агентликка превентив механизмларни жорий этиш бўйича қўшимча вазифаларни юклайди: давлат органларида коррупциянинг олдини олиш бўйича ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш; Миллий сертификатлаштириш менежмент тизимини жорий этиш; норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни мувофиқлаштириш; коррупциявий хавфи юқори бўлган функцияларни рақамлаштириш бўйича минимал талаб ва таклифларни ишлаб чиқиш; “Е-қарор” тизимида очиқликка риоя этилишини назорат қилиш; халқаро молия институтлари лойиҳаларида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва олдини олиш. Бу чоралар агентликни фақат “ҳисобот олувчи” эмас, балки тизимни бошқарувчи ва стандарт белгилаб берувчи марказий институт сифатида мустаҳкамлайдию

Фармон ички назорат бўлинмалари фаолиятига ҳам аниқ қоидалар жорий этади. Уларнинг фаолияти агентлик билан узвий ҳамкорликда ташкил этилади, вазифа ва жавобгарлик агентлик билан келишилган ҳолда тасдиқланади, ўз функциясига алоқаси бўлмаган топшириқларни юклаш тақиқланади, интизомий жавобгарлик масалалари ҳам агентлик билан келишилади. Шу билан бирга, масъул лавозимлар учун минимал малака талабларининг жорий этилиши — тегишли олий маълумот, иш стажи ва махсус ўқув курслари сертификати-ички назоратни касбий институтга айлантиришга хизмат қилади

Амалиётга тўғридан-тўғри таъсир этувчи муҳим механизмлардан бири —Миллий сертификатлаштириш менежмент тизимидир. У 2026-йил 1-июлдан бошлаб 2030-йилгача босқичма-босқич жорий этилади. Энг муҳим жиҳати шундаки, белгиланган муддатда тизим жорий этилмаса, давлат органи раҳбари ва унинг ўринбосарларига рағбатлантириш тўловлари тизим жорий этилгунга қадар тўхтатиб турилади. Бу норма коррупцияга қарши фаолиятни мажбурий натижа билан боғлайди.

Рақамлаштириш йўналишида “Рақамли комплаенс” ахборот дастурий комплекси 2026-йил 1-июлдан синов режимида ишга туширилиши белгиланган. У тезкор маълумот алмашиш, давлат органлари ахборот тизимларини интеграция қилиш, “Е-комплаенс” модули орқали ички назорат фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект асосида коррупциявий хавфларни аниқлаш имкониятларини назарда тутади. Хусусан, давлат харидларида аффилланганлик ва манфаатлар тўқнашувини аниқлаб, иштирокни автоматик чеклаш механизми жорий этилади. Шунингдек, “Е-қарор” тизимида ҳужжатларни асоссиз равишда эълон қилмаслик очиқлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш деб баҳоланиши алоҳида белгилаб қўйилган.

Фармон ижтимоий ҳимоя масаласини ҳам қамраб олади. Коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни меҳнат фаолиятида таъқиб ва тазйиқлардан ҳимоя қилиш мақсадида агентлик томонидан ҳимоя ордерини бериш амалиёти жорий этилади. Молиявий таъминот жиҳатидан эса 2026-йилдан бошлаб ҳар йили давлат бюджети параметрларида алоҳида модда билан камида 10 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, ПФ–270-сон фармон коррупцияга қарши курашни алоҳида тадбирлар йиғиндиси эмас, балки стандартлар, қатъий назорат, рағбат ва жавобгарлик ҳамда рақамли таҳлилга таянадиган яхлит тизим сифатида қайта қурмоқда. Энг муҳим жиҳат эса шундаки, ҳужжат ижрони аниқ механизмлар ва шахсий жавобгарлик билан боғлаб, шаффофликни талаб даражасига кўтарди.

Мирзо Улуғбек тумани

ЮХКМ бош юрисконсулти

Ф.Комилов

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.