Президент Шавкат Мирзиёев озиқ базасини мустаҳкамлаш, маҳаллий греначиликни ривожлантириш ва чуқур қайта ишлашни кенгайтиришга қаратилган ипакчилик тармоғини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш бўйича таклифларни кўриб чиқди.
Қайд этилдики, пиллачилик қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, озиқ базасини шакллантиришдан тортиб пиллани қайта ишлашгача бўлган барча босқичларда тармоқ имкониятларини чеклаб турган тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда.
Хусусан, тут ипак қурти гренасининг катта қисми ҳозирда импорт қилинмоқда. 2030 йилга қадар наслчилик станцияларини тиклаш орқали маҳаллий грена улушини 75 фоизга етказиш режалаштирилган. Фарғона ва Хоразм вилоятларида наслчилик грена станцияларини ташкил этиш, шунингдек жорий йилнинг ўзидаёқ Бухоро ва Наманган вилоятларида янги корхоналарни ишга тушириш кўзда тутилган. 2027–2029 йилларда эса Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида қўшимча қувватлар яратилади.
Наслчилик хўжаликларини қўллаб-қувватлаш мақсадида хорижий мутахассисларни жалб қилиш ва мавсумий ишчилар меҳнатига сарфланадиган харажатларнинг ярмини қоплаб бериш, шунингдек мавсумий ишчилар даромадларини жисмоний шахслар даромад солиғи ва ижтимоий солиқдан озод этиш таклиф этилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.