Экоҳудудларда туристик сўқмоқлар ташкил этилмоқда

Экоҳудудларда туристик сўқмоқлар ташкил этилмоқда


Мамлакатимизда экотуризмни ривожлантириш мақсадида табиий ҳудудларни асраш ва туризмни барқарор асосда ташкил этишнинг мустахкам ҳуқуқий пойдевори яратилмоқда. Жумладан, экоҳудудларда туристик сўқмоқларни ташкил этиш алоҳида йўналиш сифатида белгиланди ва ҳозирда туристик сўқмоқларни ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тасдиқланди.

Экоҳудудларда туристик сўқмоқлар ташкил этилмоқда

Туристик сўқмоқ — экоҳудудларда сайёҳлар ҳаракатланиши учун мўлжалланган, олдиндан белгиланган, махсус йўналишга эга ва экологик талабларга жавоб берадиган маршрут ҳисобланади. У пиёда, шунингдек, от, велосипед, чанғи каби воситаларда (автомото­транспорт воситалари бундан мустасно) саёҳат қилиш учун мослаштирилади. Бундай ёндашув сайёҳларнинг тартибсиз ҳаракатланишини чеклаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарарни камайтириш ҳамда табиий муҳитни муҳофаза қилишга хизмат қилади.

Экоҳудудларда туристик сўқмоқлар Туризм қўмитаси томонидан мутасадди ташкилотлар билан келишилган ҳолда ташкил этилади. Йўналиш, унинг узунлиги ва ўтиш нуқталари экоҳудуднинг балансда сақловчиси томонидан ишлаб чиқилади. Бунда ҳудуднинг табиий хусусиятлари, экологик ҳолати, туристлар хавфсизлиги ва мавжуд инфратузилма имкониятлари инобатга олинади. Туристик сўқмоқлар дам олиш нуқталари, ахборот лавҳалари, йўналтирувчи ва хавфсизлик белгилар билан жиҳозланади. Сўқмоқ фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилгандан сўнг у Туризм қўмитаси юритадиган махсус реестрга киритилади — бу унинг расман ташкил этилганини тасдиқлайди.

Сўқмоқларни сақлаш ва техник ҳолатини доимий назорат қилиш экоҳудуд балансда сақловчиси зиммасига юкланади. Фойдаланиш жараёнида табиий муҳитга зарар етказмаслик, чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлаш, белгиланган йўналишдан четга чиқмаслик ҳамда сўқмоқдан фақат белгиланган мақсадда фойдаланиш шарт қилиб белгиланган. Экологик ҳолат ёки хавфсизликка таҳдид юзага келган тақдирда туристик сўқмоқлардан фойдаланиш вақтинчалик тўхтатилиши мумкин.

Барча маълумотлар интернет тармоғида очиқ ва тушунарли шаклда жойлаштирилиб, туристларга саёҳатни олдиндан режалаштириш имконияти яратилади. Ушбу тизим экотуризмни барқарор ривожлантириш ва табиий ҳудудларни асраб‑авайлашга хизмат қилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.