Янги Тошкентда “бойлар шаҳарчаси” барпо этилаётгани ҳақидаги хабарлар асоссиз экани маълум қилинди. Лойиҳа дирекцияси ижтимоий тармоқларда тарқалган шу каби даъволарга изоҳ бериб, мегалойиҳа доирасида алоҳида элита ҳудуди қурилиши режалаштирилмаганини таъкидлади.
Айрим Telegram каналларда 2030 йилгача фойдаланишга топширилиши кутилган ҳудудда оддий уйлар ва коттежлар билан бирга, нархи 2–3 миллион долларга тенг виллалардан иборат махсус “бойлар квартали” ташкил этилиши ҳақида хабарлар тарқалган эди. Дирекция бу маълумотларни рад этиб, бундай объектлар лойиҳа концепциясида мавжуд эмаслигини билдирди.
Ҳозирги кунда биринчи босқич доирасида 6 минг гектар майдонда қурилиш ишлари фаол давом этмоқда. Режага кўра, 2033 йилгача 600 минг аҳоли учун замонавий инфратузилма яратиш кўзда тутилган. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг эса Янги Тошкент 2 миллион нафар аҳоли яшайдиган йирик мегаполисга айланиши режалаштирилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.