Республика ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятида туризм салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳалар билан танишди

Республика ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятида туризм салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳалар билан танишди


2026 йил 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси А.Аққулов бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи ҳамда соҳа вакиллари иштирокида Қашқадарё вилоятида туризмни ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ташриф доирасида ҳудудларда амалга оширилаётган ва режалаштирилган инвестиция лойиҳалари, туризм инфратузилмаси объектлари ҳамда маданий мерос масканлари жойига чиққан ҳолда кўздан кечирилди.

Ташрифнинг биринчи куни ишчи гуруҳ аъзолари Деҳқонобод туманидаги “Оқработ” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Оқ-сарой” маданий мерос объекти, “Бобур қўнди” тарихий маскани ва “Тол” дам олиш ҳудуди билан танишдилар. Шунингдек, туманда маҳаллий ва хорижий туристлар оқимини оширишга қаратилган тақдимот ўтказилди. “Айридевол” маҳалласида аҳоли дам олиш масканини ташкил этиш лойиҳаси ҳам тақдим қилинди.

Иккинчи куни ишчи гуруҳ “Чиял ғурурим” гастробозори лойиҳасини кўздан кечирди, Кўкдала туман маркази ҳамда Еттитом чорраҳаси билан танишди. Шунингдек, “Чироқчи–Уйшин” автомобиль йўлини таъмирлаш, “Қалқама” сув омбори, “Тарағай” ва “Лангар” қишлоқларини туризмга ихтисослаштириш бўйича режалаштирилган лойиҳалар муҳокама қилинди.

Шаҳрисабз туманидаги “Улоч” маҳалласида барпо этилиши режалаштирилган меҳмонхона мажмуаси ҳамда 500 гектарлик агротуризм масканини ташкил этиш лойиҳаси тақдим этилди. Туристик марказ фаолиятини ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш юзасидан ҳам тақдимотлар ўтказилди.

Китоб туманида “Башир туризм қишлоғи” лойиҳасини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Тахтиқорача довонида логистикани яхшилаш, “Мингчинор” резорт, “Қайнарсой village” туризм маркази ҳамда довонни комплекс ривожлантириш лойиҳалари муҳокама қилинди.

Ташрифнинг учинчи куни Шаҳрисабз шаҳрида “Шаҳрисабз тарихий майдони” ҳудудида ташкил этилган хизматлар ва туристик жозибадорликни оширишга қаратилган чора-тадбирлар тақдим этилди.

Яккабоғ туманидаги “Қора байир” отчилик мажмуасида “Амир Темур қўрғони” лойиҳаси билан танишилди.

Қарши шаҳридаги Ерқўрғон археологик ёдгорлигида музейлаштириш ва археологик туризмни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдим қилинди.

Косон ва Муборак туманларида шифобахш гейзер сувлари ҳамда туя сути асосида даволаш хизматларини тизимли ривожлантириш, шунингдек, вилоятда тиббиёт туризмини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар билан танишилди.

Ўрганиш ишлари якунлари бўйича Қашқадарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, инфратузилмани янада такомиллаштириш, хизматлар сифатини ошириш ҳамда инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиши белгиланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.