Тошкент шаҳрида олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокимлиги раҳбарияти ва мутасадди ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Йиғилишда давлат раҳбарининг ёшлар сиёсатига оид топшириқлари ижроси муҳокама қилиниб, пойтахтдаги 95 та олий таълим муассасаси фаолияти таҳлил этилди. Асосий эътибор талабаларни меҳнат бозорига тайёрлаш, битирувчилар бандлигини таъминлаш ва уларни муносиб даромадли иш ўринларига йўналтириш масалаларига қаратилди.
Муҳокамалар якунида қатор тизимли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Жумладан, олий таълим муассасаларидаги спорт тўгараклари ва моддий-техника базасини хатловдан ўтказиш, спорт билан мунтазам шуғулланаётган талабалар маълумотларини рақамлаштириш ва ягона рўйхат шакллантириш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, битирувчиларнинг ишга жойлашиш даражаси ва меҳнат бозори талабларига мослиги асосида олий таълим муассасалари рейтинги шакллантирилиши, шу мақсадда махсус таҳлилий механизм жорий этилиши маълум қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.