Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида Термиз туманидаги «Томорқа мактаби» фаолияти билан танишди. Ушбу муассасада фермер хўжаликларини юритишнинг замонавий усуллари ва юқори даромадли экинларни етиштириш тажрибаси намойиш этилмоқда.
Ташриф чоғида давлат раҳбари сув хўжалиги учун маҳаллийлаштирилган техника ва ускуналар тақдимоти билан ҳам танишди. Таъкидланишича, маҳаллий сув тежовчи технологиялар ва замонавий ирригация тизимлари иқлим ўзгариши шароитида харажатларни қисқартириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда фермерлар ва аҳоли эҳтиёжларини тезкор қондириш имконини бермоқда. Президент ушбу йўналишни янада ривожлантириш ва илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.
«Томорқа мактаби» аҳолини ер майдонларидан самарали фойдаланиш, юқори даромадли экинларни жорий этиш, шунингдек маҳсулотни қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлашнинг замонавий усулларига ўргатади. Муассаса банклар молиявий кўмагида фаолият юритиб, ишсизлар ва кам таъминланган оилаларга барқарор даромад манбаи яратишда кўмаклашмоқда.
Тингловчилар йил давомида уч марта ҳосил олиш амалиётини ўзлаштирмоқда. Ўқув жараёнига олимлар, мутахассислар ва тажрибали деҳқонлар жалб этилган. Ҳозирга қадар 1,3 мингга яқин ишсиз ва кам таъминланган оила аъзолари курсларни тамомлаб, ўз томорқаси ёки ижара майдонларида мустақил фаолият бошлаган. Ҳар ой 220 нафаргача фуқаро ўқувга жалб этилиб, йил давомида 2,7 минг нафаргача иштирокчини қамраб олиш имконияти мавжуд. Таълим йўлланма ёки ваучер тизими орқали молиялаштирилади.
Давлат раҳбари уч марта ҳосил олиш тажрибаси, саноатлаштирилган боғлар ва сув тежовчи технологиялар тақдимоти билан танишди ҳамда сабзавот ва меваларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланаётган тадбиркорлар билан мулоқот қилди. Президент қайта ишлаш ҳажмини кенгайтириш, цитрус ва тропик мевалар каби янги экин турларини ўзлаштириш ҳамда қишлоқ хўжалигида қўшимча қиймат яратиш муҳимлигини таъкидлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.