Давлатимиз раҳбари Туркия етакчисига мустаҳкам соғлик ва фаровонлик, масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар, қардош турк халқига тинчлик-осойишталик ва барқарор тараққиёт тилади.
Суҳбат чоғида президентлар бутун мусулмон уммати учун муқаддас бўлган Рамазон ойи муносабати билан ҳам бир-бирларини дилдан қутладилар.
Томонлар Ўзбекистон–Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини жорий йил январь ойида Анқара шаҳрида эришилган олий даражадаги келишувлар асосида янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар. Давлатлараро ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани ва барча устувор йўналишларда юксак натижаларга эришилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Яқинда бўлиб ўтган Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишининг самаралари икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаргани таъкидланди. Ишлаб чиқилган “йўл хариталари” асосида саноат кооперацияси, савдо-иқтисодий ва инвестициявий лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Етакчилар, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиб, бўлажак тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.