Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги Элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказида Хўжали геноцидининг 34 йиллигига алоқадор хотира маросими ўтказилди.
Тадбирда элчилар, жумладан Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳусейн Гулиев, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Уфук Улутaш, Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Шадурди Мередов, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Исматулло Насредин, халқаро ташкилотлар вакиллари, диаспорамиз аъзолари, қардош ўзбек халқи вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этдилар.
Шаҳидларнинг азиз хотираси бир дақиқалик сукут билан ёд этилгандан сўнг, Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳусейн Гулиев сўзга чиқиб, Хўжали геноцидининг тарихий-сиёсий ва халқаро-ҳуқуқий моҳияти ҳақида батафсил маълумот берди. У қайд этдики, 1992 йил 25 февралдан 26 февралга ўтар кечаси Арманистон қуролли кучлари собиқ совет армиясининг 366-мотоўқчи полки иштирокида Хўжали шаҳрига ҳужум қилиб, тинч аҳолига қарши оғир ва тизимли жиноят содир этган ва геноцид актини амалга оширган.
Билдирилишича, бу ҳодиса моҳиятига кўра инсониятга қарши жиноят, оммавий қирғин ва геноцид акти бўлиб, халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёр ва тамойилларининг қўпол равишда бузилиши ҳисобланади. Хўжали геноциди фақатгина Озарбайжон халқига қарши эмас, балки бутун инсониятга қарши содир этилган ваҳшийлик намунаси сифатида баҳоланиши лозим.
Таъкидланишича, Хўжалидан 613 нафар бегуноҳ инсон алоҳида шафқатсизлик билан қатл этилган. Улардан 63 нафари бола, 106 нафари аёл, 70 нафари эса кексалар бўлган. 8 оила бутунлай йўқ қилинган, 25 бола ота-онасидан, 130 бола эса отаси ёки онасидан айрилган. Юзлаб инсонлар яраланган, 1275 нафар киши асир олинган ва уларнинг бир қисмининг тақдири бугунги кунгача номаълумлигича қолмоқда. Дипломат геноцид халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёр ва тамойилларининг қўпол равишда бузилиши эканини таъкидлаб, Хўжали ҳақиқатларини жаҳон ҳамжамиятига етказиш муҳимлигини қайд этди. Шунингдек, у Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти Хўжали геноцидини тан олганини ва бир қатор давлатлар бу геноцидга сиёсий-ҳуқуқий баҳо берганини билдирди.
Бошқа сўзга чиққанлар Хўжали геноциди фақатгина Озарбайжон халқига эмас, балки бутун Турк дунёсига қарши содир этилган жиноят эканини таъкидладилар. Улар бундай геноцидлар унутилмаслиги ва келажак авлодларга тўғри шаклда етказилиши халқаро ҳамжамиятнинг умумий масъулияти эканини урғуладилар. Чиқишларда Хўжали ҳақиқатларини халқаро платформаларда янада фаол тарғиб қилиш, ахборот ишларини кучайтириш ва тарихий адолатни таъминлаш йўналишидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.
Маданият марказининг “Хари булбул” театр труппаси аъзолари Хўжали геноциди билан боғлиқ шеърий композицияни ижро этдилар.
Сўнгра Хўжали геноциди билан боғлиқ ҳужжатли фильм намойиш этилди ва шаҳидлар руҳига дуо ўқилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.