Президент Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида ҳудуднинг гидроэнергетик имкониятлари ва истиқболдаги лойиҳалар юзасидан тақдимот ўтказилди.
Тақдимотда «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Ислом Абдурахмонов томонидан вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳамда яқин истиқболда режалаштирилган лойиҳалар ҳақида ахборот берилди.
Қайд этилишича, 2017 йилда вилоятда атиги битта гидроэлектр станция фаолият юритган бўлиб, унинг қуввати 30 мегаваттни ташкил этган. Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида гидроэнергетик қувватлар 9 баробарга оширилиб, 273,4 мегаваттга етказилди, станциялар сони эса 13 тага кўпайди. Бугунги кунда вилоятда йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 800 миллион киловатт-соатни ташкил этмоқда.
Президент топшириғига мувофиқ, Киштут гидроэлектр станциялари каскадини миллий лойиҳа сифатида амалга ошириш белгиланган. Шу билан бирга, юқори Тўполанг гидросалоҳиятидан самарали фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш ва ҳудудни барқарор электр энергияси билан таъминлаш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.