Илмий фаолият соҳасидаги ташкилотлар лаборатория ускуналари билан таъминланади

“Илмий фаолият соҳасидаги ташкилотларни лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлов материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Мазкур ҳужжат илмий-тадқиқот муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган.

Низомга кўра, лаборатория жиҳозларини харид қилиш учун ариза бериш тартиби аниқ белгилаб қўйилди. Хусусан, илмий лойиҳалар доирасида харид бўйича аризани лойиҳа раҳбари тақдим этади. Илмий мавзулар бўйича эса илмий бўлинма раҳбари ёки илмий-тадқиқот дастурида тегишли мавзуга раҳбарлик қилувчи шахс масъул ҳисобланади.

Диссертация тадқиқотларида харид ташаббуси докторантнинг илмий раҳбари томонидан ёки ўзаро келишув асосида илмий даража ва унвонга эга докторантлардан бири томонидан амалга оширилади.

Аризада илмий фаолият йўналишлари аниқ кўрсатилади ҳамда харидни марказлашган давлат хариди орқали ёки мустақил равишда амалга ошириш усули танланади.

Ҳужжатлар махсус ахборот тизими орқали, муайян илмий йўналиш бўйича тадқиқотни бажаришга масъул ташкилот раҳбари томонидан келишилгандан сўнг юборилади.

Шунингдек, Инновацион ривожланиш агентлиги қабул қилинган аризалар асосида шакллантирилган буюртмаларни 10 иш куни ичида белгиланган талабларга мувофиқлигини кўриб чиқади.

Кўриб чиқиш якунларига кўра маъқулланган аризалар махсус ахборот тизими орқали Харид комиссиясига юборилади. Мутахассислар фикрича, янги тартиб илмий ташкилотларни замонавий лаборатория ускуналари билан тезкор ва шаффоф таъминлаш имконини беради.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.