Ҳодиса 2026 йил 26 февраль куни содир бўлган. Мавжуд маълумотларга кўра, Жаҳонгиров камерасида кийим-кечакларидан арқон ясаб, ўзини осган. Дафн маросими эртаси куни — 27 февральда бўлиб ўтган.
Исмоил Жаҳонгиров 2024 йил 26 октябрь куни содир этилган суиқасдда айбдор деб топилган эди. 2025 йил 12 февраль куни суд уни 23 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилган. Воқеадан сўнг у Шоҳрух Ахмедов билан бирга интернет тармоқларида видео мурожаат эълон қилиб, жиноятга алоқадорлигини билдирган. Ахмедов ҳам 23 йилга қамалган.
Иш материалларига кўра, Президент ҳузуридаги ДХХнинг ўз хавфсизлиги бошқармаси собиқ бошлиғи Шуҳрат Расулов жиноят буюртмачиси сифатида айбдор деб топилиб, 23 йилга озодликдан маҳрум этилган. Жанубий Кореядан экстрадиция қилинган тадбиркор Жавлон Юнусов буюртмачи ва ижрочилар ўртасида воситачи сифатида 18 йиллик қамоқ жазосини олган.
Жаҳонгировнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатлар айни пайтда аниқлаштирилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.