Айни кунларда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов Беларусь Республикасида ишчи ташриф билан бўлиб турибди. Ташриф доирасида 2 март куни Минск шаҳрида Беларусь Савдо-саноат палатаси раиси Михаил Мятликов билан учрашув бўлиб ўтди. Мазкур мулоқотни ташкил этиш бўйича келишув жорий йил февраль ойида Беларусь делегациясининг Ўзбекистонга амалий ташрифи чоғида эришилган.
Музокараларда Беларусь қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири ўринбосари Игорь Дорофейчик, Ўзбекистоннинг Беларусь Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Рахматулла Назаров ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Минск шаҳрида Ўзбекистон савдо уйини ташкил этиш масаласи атрофлича кўриб чиқилди. Ушбу савдо уйи орқали қишлоқ хўжалиги ва электротехника маҳсулотларини тақдим этиш ҳамда улар савдосини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, умумий овқатланиш соҳасини ривожлантириш доирасида Беларусь ҳудудида ўзбек миллий таомлари ресторанини очиш ташаббуси ҳам муҳокама қилинди.
Томонлар Витебск вилоятида 15 минг гектар ер майдонида чорвачилик ва картошка етиштириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқдилар. Лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш ва аниқ механизмлар ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.